Ўзбекистон ва Озарбайжон 2027 йилги U-20 Жаҳон чемпионатини биргаликда ўтказиш бўйича ФИФАга ариза юборди

12:04 07 Июль 2025 Спорт
145 0

Фото: ЎФА

ФИФА 2027 йилда бўлиб ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионати мезбонлигига номзодларни кўриб чиқишни бошлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Озарбайжон 2027 йилги U-20 Жаҳон чемпионатини биргаликда ўтказиш бўйича ФИФАга ариза юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда туркийзабон мамлакатларда футбол соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароитлар ҳамда халқаро майдондаги нуфуздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол уюшмалари ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати мезбонлигини юқори савияда ўтказишга ишонч билдирган ҳолда ўз қўшма номзодини илгари сурган.

«Бугунги кунда Озарбайжон билан бирга Ўзбекистон ҳам нуфузли мусобақани қабул қилишга ҳар томонлама тайёр», дейилади хабарда.

ЎФА хабарида шунингдек, сўнгги йилларда стадионлар халқаро стандартларга мос равишда тартибга келтирилгани, Осиёнинг U-20, U-23 турнирлари, Марказий Осиё тарихида илк бор ўтказилган футзал бўйича Жаҳон чемпионати мезбонлиги катта тажриба вазифасини ўтагани алоҳида таъкидланган.

Ушбу мезбонлик ФИФА президенти Жанни Инфантино томонидан тарихдаги энг яхши мундиал сифатида эътироф этилгани ҳам эслатиб ўтилган.

«Юртимиз ҳар доимгидек ўзининг меҳмондўстлиги, профессионал ёндашуви, футболга фидойилиги ва, албатта, футболсевар мухлисларнинг меҳри билан бутун дунё эътиборини қозонишга тайёр», деб ёзади ЎФА матбуот хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?