Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги қамишзорлар ёқиб юборилмоқда
Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги ҳудуд осмонини қора тутун қоплагани акс этган видеолар тарқалди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди.
Қайд этилишича, айни кунларда Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари чегарасидаги нейтрал ҳудудда, Амударё ичкарисида жойлашган кичик оролчаларда қамишзорларни режали тартибда ёқиш ишлари амалга оширилмоқда.
«Ушбу тадбир зарарли ҳашаротлар кўпайиши ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида мутасадди идораларнинг рухсати ва масъул органларнинг ўзаро келишуви асосида олиб борилмоқда», дейилади ҳокимлик хабарида.
Қўшимча қилинишича, ёнғин ҳаракатлари ва уларнинг кўлами тўлиқ назорат қилинмоқда.
Ҳокимлик, шунингдек, фуқаролардан вазият бўйича ортиқча ваҳимага берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса аҳоли ўртасида хавотир келтириб чиқарувчи асосланмаган ахборотларни тарқатмасликни сўраган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ушбу тадбир (ўт қўйиш таҳр.) белгиланган режага мувофиқ ва хавфсизлик чораларига риоя этган ҳолда амалга оширилаётганини бод-бод такрорламоқда. Бироқ вилоят Экология бошқармаси ўз назорат ҳудудида шу каби «режали» ишлар амалга оширилаётгани бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаяпти. Маълумот учун, бошқарманинг Telegramʼдаги расмий каналида сўнгги хабар жорий йилнинг 17 март санасида жойланган.
Ҳокимлик матбуот хизмати ишлар мутасадди идораларнинг рухсати ва масъул органларнинг ўзаро келишуви асосида олиб борилаётгани ҳақида ёзмоқда, аммо вилоят ФВБ ёнғин чизиғи қай тартибда назорат қилинаётгани борасида тушунтириш бермаган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳам атмосферага чиқаётган зарарли тутун ҳамда газлар юзасидан изоҳ берганича йўқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Ялдо кечаси» романининг тақдимоти ўтказилди
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг