Ўзбекистон – Миср Ишбилармонлар кенгаши тузилди
Кеча Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (ССП) ва Миср ишбилармонлар уюшмаси (МИУ) раҳбарияти ўртасида видеоконференция алоқаси воситасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда жорий йил февраль ойида Қоҳирага буюрилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувлар доирасида ССП ва МИУ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, делегация алмашувларини йўлга қўйиш, биргаликда бизнес анжуманлар ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, палата бошқарма бошлиқлари ҳамда мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчихонаси ходимлари, Миср томонидан МИУ раиси Али Иса, ижрочи директори Муҳаммад Юсуф, халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Далия Юсуф, МИУнинг Порт Саиддаги вакили, Миср Сенати аъзоси Одил Лаъми, Мисрнинг Ўзбекистондаги элчиси Амира Фаҳми хоним иштирок этдилар.
Тадбирда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш, ўзаро товар айланмаси ва экспорт ҳажмини ошириш, тадбиркорлар иштирокида бизнес форумлар, учрашувлар ўтказиш, Порт Саид шаҳридаги эркин иқтисодий зоналарда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг саноат кооперацияси ва дистрибуция марказини тузиш, омборхоналарни ижарага олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда сўзга чиққан МИУ раиси Али Иса Ўзбекистон-Миср алоқалари, хусусан, савдо-иқтисодий алоқалари ва инвестиция ҳамкорлиги тобора кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлар экан, МИУнинг ўзбек шериклар билан янада мустаҳкам ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини маълум қилди. У савдо-иқтисодий ва ишбилармонлик соҳасини ривожлантиришда 45 йиллик тажрибага эга МИУнинг ўзбекистонлик тадбиркорлар ва экспортчи компанияларнинг мисрлик ҳамкорлари билан алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш юзасидан кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
Али Иса элчихона кўмагида ССП ва МИУ ўртасида яқинда имзоланган Ҳамкорлик меморандуми икки давлат тадбиркорлари ва ишбилармонларининг ўзаро манфаатли алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Ижрочи директор Муҳаммад Юсуф жорий йил 9 июлда Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайловида Мисрдан халқаро кузатувчи сифатида қатнашганини мамнуният билан тилга олар экан, ушбу муҳим сиёсий тадбир шаффофликда, ошкора ва демократия руҳида ташкил қилинганини эътироф этди.
У Ўзбекистонга сафари давомида ССП раҳбарияти билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказгани, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришганини айтди. МИУ жорий йил август ойида Қоҳирада Ўзбекистон - Миср тадбиркорлари бизнес форумини ўтказишни режалаштирганини маълум қилди. Сентябрь ойида эса мамлакатимиз ССП делегациясининг сафари кутилаётгани, унинг доирасида Порт Саид ЭИЗда Ўзбекистон саноат кооперацияси ва дистрибуция марказини тузиш имкониятлари ўрганиб чиқилиши, Миср томони бу борада ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини айтди.
Ўз навбатида, Миср Сенати аъзоси Одил Лаъми уюшманинг Порт Саиддаги вакили сифатида ҳудудда жойлашган ЭИЗлар, хорижий экспортчилар ва сармоядорлар учун яратилган қулай иқтисодий муҳит, имтиёзлар ва шароитлар ҳақидаги батафсил маълумотларни ўртоқлашди. Ушбу тадбир ўтказилишидан хабар топган Порт Саид губернатори Одил ал-Ғадбан ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларнинг Порт Саидда фаолият юритишлари учун барча шароитлар яратилишига кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдиргани ҳам маълум қилинди.
Тадбир қатнашчилари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш, икки давлат ишбилармонлари сафарлари уюштирилишини жадаллаштириш, бизнес форумлари, тақдимотлар, кўргазмалар, В2В ва В2G шаклдаги учрашувларни ўтказишга келишиб олдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Миср ишбилармонлар уюшмаси ўртасида Ишбилармонлик кенгашини тузиш ҳақидаги ҳужжат онлайн тарзда имзоланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг