Ўзбекистон Бош вазири Тожикистон Президенти билан учрашди

21:51 17 Февраль 2026 Сиёсат
435 0

Фото: Тожикистон Президенти матбуот хизмати

Бугун, 17 февраль куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон амалий ташриф билан Душанбе шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири муҳтарам Абдулла Ариповни қабул қилди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашув давомида томонлар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларини муҳокама қилган. Ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш йўналишлари кўриб чиқилган.

Ўзаро савдо айланмаси ва инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётгани қайд этилган. Эмомали Раҳмон саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган.

Томонлар, шунингдек, маданий-гуманитар алоқалар алмашинувини кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирган. Тожикистон раҳбари савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг самарали фаолиятини алоҳида қайд этган. Мазкур комиссиянинг навбатдаги йиғилиши шу куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Учрашувда икки томонлама кун тартибининг барча йўналишлари бўйича конструктив ва ишончли давлатлараро мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган. Шу билан бирга, жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашув ва музокараларга пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилиниб, давлатлараро тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?