Ўзбек олимлари яратган дарслик халқаро кўргазмада юқори баҳоланди

11:55 05 Май 2025 Жамият
412 0

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети академиги Бакридин Зарипов ҳамда физиолог олим, биология фанлари бўйича фалсафа доктори Гулсара Аҳмедова ҳаммуаллифлигида тайёрланган «Одам ва ҳайвонлар физиологияси» дарслиги Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтаётган 34-халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар ушбу дарсликни инглиз, араб ва бошқа тилларга таржима қилиб нашр этиш таклифини беришди.

Физиологияни ҳаёт ҳақидаги фан, дейишади. Зеро, ушбу фундаментал фан тиббиёт ҳамда ветеринариянинг асоси бўлиб, организмнинг ҳаётий жараёнларини, уни ташкил этувчи физиологик тизимларни, шунингдек, атроф-муҳит ташқи омилларининг ҳаёт жараёнларига таъсирини ўрганади. Содда қилиб айтганда, физиология инсоният ривожланиши жараёнида — онтогенез ва филогенезда онг, тафаккур, билиш ва ўрганиш, соғлиқни сақлашнинг туб механизмларини ўргатади. Шу боис жаҳоннинг энг нуфузли мукофотларидан бири — Нобель мукофоти айнан физиология ва медицина йўналишидаги янгиликларга бериладики, бу эса ушбу фаннинг инсоният фаровон ҳаёти ва бахтли келажаги йўлида ниҳоятда улкан аҳамиятга эга эканлигини тасдиқлаб турибди.

Бироқ физиология фанини ўқитишда ўзбек тилидаги илмий адабиёт ҳамда дарсликларнинг камлиги олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари учун қийинчилик туғдираётган эди. Шу маънода, одам ва ҳайвонлар физиологияси бўйича фундаментал билимларни етказиш мақсадида «Одам ва ҳайвонлар физиологияси» номли дарслик чоп этилгани айни муддао бўлди. Буни биология, тиббиёт, ветеринария, қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги университетлар ўқитувчилари ва талабалари учун ажойиб туҳфа бўлди, дейиш мумкин.

Мазкур қўлланма «Замин-нашр» нашриёти томонидан чоп қилинган бўлиб, 16 боб, 645 саҳифадан иборат. У ўз ичига физиология фанининг классик ва замонавий ютуқлари ҳақидаги сўнгги маълумотларни жамлаган. Физиологиянинг асосий бўлимлари кенг ёритилиб, қиёсий жиҳатдан физиологик ва функционал тизимларнинг хусусиятлари кўрсатилган.

— Кейинги пайтда физиология дунё илмий марказларида энг тез ривожланаётган фанлардан бирига айланди, — дейди дарслик муаллифи, академик Бакриддин Зарипов. — Айниқса, молекуляр физиологиянинг пайдо бўлиши кўплаб кашфиётларга катта туртки бўлди. Бугунги кунда улардан нафақат биологияда, балки тиббиёт, педагогика, психология, суд-тиббий экспертизаси, археология каби муҳим соҳаларда кенг фойдаланилмоқда. Биз мазкур дарсликни тузишда физиология соҳасидаги шу каби замонавий тадқиқотлар, халқаро илмий адабиётлар ва ўқув-услубий тавсияларни инобатга олдик. Китобда физиологик жараёнларнинг молекуляр, ҳужайравий, тўқима ва тизимли даражадаги асослари батафсил ёритилди.

Айтиш жоизки, дарсликка киритилган ҳар бир мавзуда организмдаги турли тизимларнинг функционал механизмлари, уларнинг мослашув имкониятлари ва физиологик жараёнларнинг илмий тадқиқотлар билан тасдиқланган маълумотлари келтирилди. Шу боис у келгусида илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишни режалаштираётган ёшлар учун ҳам назарий асос бўлиб хизмат қилади, албатта.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?