Ўзаро манфаатли алоқалар ривожланмоқда

12:29 19 Декабрь 2025 Жамият
185 0

Самарқанд ва Япониянинг қадимги пойтахти Нара 2022 йилдан буён қардош ҳисобланади. Бу Ўзбекистон ва кун чиқар мамлакат шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган биринчи ҳолатдир. Битим икки қадимий минтақа ўртасида гуманитар ва маданий алмашинувни чуқурлаштириш учун асос яратди.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятининг кун чиқар мамлакат билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги ҳам жадал ривожланиб бормоқда.

Ҳозирги вақтда минтақада Япония компаниялари капитали иштирокидаги тўртта корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг энг йирикларидан бири “Самарқанд автомобил заводи” МЧЖ бўлиб, у ерда кенг турдаги транспорт воситалари, шу жумладан йўловчи автобуслари, махсус техникалар ва пикаплар ишлаб чиқарилади.

2024 йил якунларига кўра, Самарқанд вилояти корхоналари ўз лойиҳаларини ривожлантириш учун Япония молия институтларининг қарийб 20 миллион долларлик инвестициялари ва кредит ресурсларини жалб қилган. Масалан, “Мароқанд лед инвест” МЧЖ кўп қаватли уйларни қуриш ва жиҳозлаш дастурларига 16 миллион доллар сармоя киритган.

Япония капиталининг Самарқанд вилояти иқтисодиётига сармоя киритиши бу йил ҳам давом этди. Масалан, 2025 йилда “Zarafshon tex lux” МЧЖ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун музлатгичлар лойиҳасига 1,7 миллион доллар сармоя киритди.

- Жорий йил бошидан буён Японияга минтақамиздан 130 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди, — дейди Самарқанд вилояти савдо, инвестиция ва саноат бошқармаси бўлим бошлиғи Мадаминбек Нуруллаев. — Кун чиқар мамлакатига асосан тўқимачилик маҳсулотлари жўнатилди. Ўз навбатида, Япониядан Самарқанд вилоятига юқори технологияли ишлаб чиқариш ускуналари олиб келинмоқда.

Самарқанд вилояти деҳқонлари ҳам кун чиқар мамлакати билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда.

- Бир неча йил аввал Японияда бўлиб, “Фужи” олмаларини етиштириш технологияси билан яқиндан танишдик, — дейди Самарқанд туманидаги “Бобур агро инновация” фермер хўжалиги раҳбари Бобур Ҳайдаров. — Натижада ушбу экин кўчатлари Самарқандга олиб келинди ва бир неча йил ичида улар бизнинг шароитимизга мослаштирилди. Тажриба муваффақиятли ўтди, бугунги кунда биз нафақат япон олмаларидан юқори ҳосили оляпмиз, балки фермерлар ва аҳолига ушбу турдаги олмаларнинг кўчатларини ҳам сотяпмиз.

2026 йилда Самарқанд шаҳрида Япония иштирокида 800 ўринли кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилиши бошланади. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга оширилади.

Шунингдек, келгуси йили Тайлоқ туманида япон ҳамкорлари иштирокида замонавий эко-бозор фойдаланишга топширилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер