Оташин умр 70 довондан ошди
Фармон Тошев номини эшитганлар бу инсоннинг оташин шеърлари, сермазмун ҳикоялари, бир-бирини такрорламас мақолалари, пайровли ҳажвияларини яхши билишади. Умри давомида адабиётдан, ижоддан йироқ яшамаган бу ижодкор бугун 70 довондан ошди.
Таҳририятимиз жамоаси номидан уни таваллуд айёми билан муборакбод этиб, сиҳат-саломатлик, ижодий куч-қувват тилаймиз!
* * *
Тенг бўлсада туну кун замонга тенг бўлолмас,
Бизга Ватан бу замин осмонга тенг бўлолмас.
Акобирнинг нечоғлик фикрати кенг бўлмасин,
Суҳбат чоғи не ажаб, нодонга тенг бўлолмас.
Яшнасин адир, қирлар, боғлар гулласин, аммо,
Кўнгилларда уйғонган туғёнга тенг бўлолмас.
Жонзот борки – ризқи бор, бу фано ҳамма учун,
Лек ақлу заковатда инсонга тенг бўлолмас.
Ўпкалама бировнинг дашном, таънасидан у,
Ўз кўнглингда бўйлаган ёмонга тенг бўлолмас.
Етти иқлимни кезиб, йиққан молу давлатинг
Элингдан ҳадя ҳурмат – эҳсонга тенг бўлолмас.
Умрдаги шўх-шодон кунларни гар жамласанг,
Битта дилни қўллаган бир онга тенг бўлолмас.
Улфат, дўст даврасида базми жамшид қилганинг
Рўзғорингда қайнаган қозонга тенг бўлолмас.
Тақдирнинг синовини ғам билмагин, ношукр,
Нафас олаяпсанку, у жонга тенг бўлолмас.
Ўзга юртда нақадар етмасин дунёларга,
Ватанида бахт топган Фармонга тенг бўлолмас.
* * *
Ҳавас қилсанг, арзигулик одамларга ҳавас қил,
Вужудингга таскин берган хуш дамларга ҳавас қил.
Жонфидолик осон эмас, сабру матонат даркор,
Зиё бериб, фидо бўлган нур, шамларга ҳавас қил.
Муте бўлма пасткаш киши мансабию давлатига,
Ғурури кўп, давлати лек оз, камларга ҳавас қил.
Ўз ёрингни юрагингда ҳам кафтингда олиб юр,
Демам, асло кўча-кўйда тамтамларга ҳавас қил.
Бўлма шайдо шуҳрат учун кимки эҳсон айласа,
Ожизларга далда бўлган карамларга ҳавас қил.
Кошоналар қурса ҳамки, бугун бору эрта йўқ,
Эл ичида камтар, хоксор Ҳотамларга ҳавас қил.
Шотир, енгил, ҳовлиқмадан не ҳам ибрат олгайсан,
Ортда изин қолдиргувчи қадамларга ҳавас қил.
Эл ичида ўз ўрнингни топай десанг, Фармоно,
Жисми эмас, виждони бардамларга ҳавас қил.
* * *
Иштаҳада агарчи таомнинг боли бордир,
Лек луқманинг ҳароми ёки ҳалоли бордир.
Акобир даврасида ҳар гап айтмоқ ножоиз,
Ёмон каломнинг доим элга малоли бордир.
Турфа ёнга йўрғалар устоз кўрмаган кимса,
Ҳар оқилда муаллим, пири- Билоли бордир.
Жаннат билгай одамзот ўз Ватани бағрини,
Чўл, қаҳратон, саратон ёки шамоли бордир.
Ноласига ошиқнинг кеча-кундуз бир маҳал,
Қуёш йўқса, сеҳрли юлдуз, ҳилоли бордир.
Кутса ошиқ ёрини, демангиз девонавор,
Малҳам изтиробига гўзал хаёли бордир.
Фарҳод каби шижоат, ғурур соҳиби, демак,
Уйда Ширин сингари суйган аёли бордир.
Фармоно, ҳар ишдаким, изн берма истакка,
Мункарнинг оқибатда оғир саволи бордир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг