“Оскар-2020”: илк марта инглиз тилида бўлмаган фильм энг яхши деб топилди

12:49 10 Февраль 2020 Дунё
3051 0

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги “Долби” театрида 92-“Оскар” мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида маълум қилинган.

Бу сафарги тақдимотда тарихий воқеа содир бўлди. Энг яхши хорижий фильм бўлишга асосий даъвогар бўлган Жанубий Кореянинг “Паразитлар” фильми нафақат ушбу йўналишда, балки йилнинг энг яхши фильм номинациясида ҳам ғолиб чиқди. Шу тариқа, тарихда илк бор инглиз тилида бўлмаган фильм бош мукофотга лойиқ кўрилди.

Бу фильм тақдимотда энг кўп мукофот олди — энг яхши режиссёрлик иши ва энг оригинал сценарий номинацияларидаги мукофотларни ҳам ушбу фильм режиссёри Пон Жун-хо қабул қилиб олди.

Йилнинг энг яхши актёри эса кутилганидек “Жокер” фильми юлдузи Хоакин Феникс бўлди. “Жуди” фильмидаги ижроси учун Рене Зеллвегер энг яхши актриса деб тан олинди.

Бундан ташқари, Лора Дёрн “Никоҳ тарихи” фильмидаги ижроси учун энг яхши иккинчи пландаги актриса сифатида “Оскар” олди, Брэд Питт “Кунларнинг бирида... Ҳолливудда” фильмидаги иштироки учун Иккинчи пландаги энг яхши актёр сифатида тақдирланди.

Бу Питт учун актёр сифатидаги илк “Оскар” бўлди, Пон Жун-хо, Дёрн ва Феникс ҳам илк марта ушбу мукофотга эга чиқишди.

Статуэткани энг кўп қўлга киритиш бўйича “Паразитлар”дан кейинги энг яхши натижани “1917” фильми қайд этди — уч йўналишда мукофот.

“Паразитлар” — Каннда ҳам, “Оскар”да ҳам бош мукофотни қўлга киритган тарихдаги тўртинчи фильм бўлди.

  • Ғолибларнинг тўлиқ рўйхати:
  • Энг яхши фильм — “Паразитлар”
  • Энг яхши режиссёр — Пон Жун-хо (“Паразитлар”)
  • Энг яхши актёр — Хоакин Феникс (“Жокер”)
  • Энг яхши актриса — Рене Зеллвегер (“Жуди”)
  • Иккинчи пландаги энг яхши актриса — Лора Дёрн (“Никоҳ тарихи”)
  • Иккинчи пландаги энг яхши актёр — Брэд Питт (“Кунларнинг бирида ... Ҳолливудда”)
  • Энг яхши оригинал сценарий — Пон Жун Хо (“Паразитлар”)
  • Энг яхши адаптация қилинган сценарий — Тайка Вайтити (“Қуёнча Жожо”)
  • Энг яхши ҳужжатли фильм — “Америка фабрикаси”
  • Энг яхши либослар — “Кичик аёллар”
  • Энг яхши постановкачи рассом иши — “Кунларнинг бирида... Ҳолливудда”
  • Энг яхши грим — “Можаро”, (Bombshell)
  • Энг яхши монтаж — “Форд Феррарига қарши”
  • Энг яхши овоз монтажи — “Форд Феррарига қарши”
  • Энг яхши овоз — “1917”
  • Энг яхши операторлик иши — Рожер Дикинс, (“1917”)
  • Энг яхши визуал эффектлар — “1917”
  • Энг яхши қисқа метражли анимацион фильм — “Сочга муҳаббат” (Hair Love);
  • Энг яхши қисқа метражли ҳужжатли фильм — “Урушда скейтбордда учишни ўрган (агар қизалоқ бўлсанг)”
  • Хориж тилидаги энг яхши фильм — “Паразитлар”;
  • Энг яхши қўшиқ — «Рокетмен», (I'm Gonna) Love Me Again)
  • Энг яхши оригинал саундтрек — “Жокер”
  • Энг яхши қисқа метражли фильм — “Қўшни дераза” (The Neighborsʼ Window)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?