Ориятни унутманг, оталар!

13:16 11 Декабрь 2025 Жамият
308 0

Отани оиланинг устунига қиёслашади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки оиланинг моддий таъминоти, айниқса, фарзандларнинг яхши таълим ва тарбия олиши учун етарли шарт-шароит яратиш энг аввало отанинг зиммасидаги масъулият, шу билан бирга, қонуний мажбурият ҳам ҳисобланади. Ҳеч бир баҳона ёки сабаб уни бу мажбуриятдан озод этмайди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Буни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Аммо ориятни унутган шундай инсонлар ҳам борки, нафақат ўз фарзандлари олдидаги оталик масъулияти, балки қонуний мажбуриятини ҳам бажаришмайди. Айниқса, сўнгги йилларда бу ҳолат одат тусига кириб бораётгани афсусланарли.

Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 36 мингдан ортиқ фуқарога нисбатан алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юритилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки уч чораги давомида вилоятдаги Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган низоларнинг қарийб 39 фоизини ажрим ва алимент мажбуриятини белгилаш билан боғлиқ низолар ташкил этган.

Энг ачинарлиси, ҳисобот даврида вилоятдаги Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 90 нафар шахс аввал маъмурий жавобгарликка тортилганидан тегишли хулоса чиқармасдан, яна алиментни тўлашдан қасддан бўйин товлагани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу турдаги жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 тага ортганини кўрсатади.

1993 йилда Қамаши туманида туғилган, туманнинг Қоратепа маҳалласида яшаган Анвар Файзиевни ҳам (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шундай оталар сирасига киритиш мумкин. Анвар 2015 йилда қўшни маҳаллалик Шаҳризода исмли қиз билан турмуш қурган. Аввалига улар тинч-тотув, аҳил-иноқ яшашди. Уч йил ичида икки фарзандли бўлишди. Оила катталашиб сарф-харажатлар салмоғи орта бошлаши билан Анвар оила боқиш масъулиятини ҳис этмади. Топган пулини ичкиликка сарфлаб, ҳар куни улфатлари билан базму жамшид уюштириб юраверди. Аёл учун эса икки боланинг қорнини тўйдириш ҳам муаммога айланди. Натижада эр-хотин ўртасида турли низолар, жанжаллар келиб чиқди.

Бу ғавғоларнинг ниҳояси эса ажрим билан якун топди. Шаҳризода фарзандларини олиб ота уйига кетди. Лекин бу ерда ҳам барибир рўзғор юки ўзининг зиммасига тушди. Молиявий томондан қийнала бошлагач, фарзандларининг таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғидан алимент ундириб берилишини сўраб судга мурожаат этди. Суд унинг мурожаатини қаноатлантирди. Адҳам Фозиловдан икки нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи фойдасига ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланди.

Бироқ Анвар ўз фарзандларининг таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлади. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимларининг қайта-қайта тушунтиришлари, огоҳлантиришлари ҳам унга кор қилмади. Шундан сўнг бу ҳақдаги тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иш судга оширилди. Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани судининг 2024 йил 23 декабрдаги тегишли қарорига асосан Адҳам Фозиловга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бироқ жазони ўтаб қайтгач ҳам турли баҳоналарни рўкач қилиб, белгиланган алиментни тўламади. Натижада яна суднинг “қора курси”сига ўтирди.

2025 йилнинг 20 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани судининг очиқ суд мажлисида Анвар Файзиевнинг қилмиши кўриб чиқилиб, унга нисбатан бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳа, ўз пушти камаридан бўлган болаларининг таъминотидан қочиб, йиллаб умри тергов, суд идоралари-ю, жазони ўташ муассасалари ўртасида кечадиган Адҳам Фозилов каби инсонлар ҳам бор орамизда. Бироқ ўзининг оталик бурчини, масъулиятини, ориятини унутган бундай инсонлар қонунлардан қочиб қутула олмайди. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам зиммасидаги алимент мажбуриятини бажаришга мажбур. Бу ишдан бўйин товлаш эса келгуси сафар янада оғирроқ жазоларга сабаб бўлиши муқаррар.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?