«Ўқчи» қулупнайлари экспорт қилинмоқда

15:02 19 Май 2025 Жамият
97 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни пайтда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 7 минг 200 гектардан ортиқ мева боғлари мавжуд. Мавсум бошланганидан буён тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 1,5 миллион долларга яқин мева экспорти амалга оширилди. Эътиборлиси, экспорт географияси кенгайиб, Осиё қитъаси ва Яқин Шарқ давлатлари ҳисобига кўпайиб бормоқда.

Боғдорчилик тармоғида туманнинг Ўқчи, Ўқчи дашт, Ўқчи туман, Ражабгарди, Ҳотамтой маҳаллалари миришкорлиги билан танилган. Шу кунларда ушбу маҳаллаларда гилос экспортига киришилди. Яқинда ўрик ва шафтоли экспорти ҳам бошланади. Бугун туманда қулупнай савдоси ҳам авжида. Тумандаги боғ оралари, очиқ майдонларга экилган қулупнай Фарғона водийси, қўшни Тожикистонда харидоргир.

— Оиламиз тасарруфидаги «Ҳамроқулов Раҳмонжон» боғдорчилик фермер хўжалигида 9,5 гектар боғда гилос, ўрик, шафтолидан мўл ҳосил оламиз, — дейди Раҳимжон Ҳамроқулов. — Ҳозирда боғ орасига экилган 40 сотих ердаги қулупнай сотиляпти. Гилос, ўрик меваси ҳам қуёш нурида ажиб жилва қилиб, ўз харидорини кутмоқда.

Жорий йилда Боғбонлар сулоласи Германиянинг «Сандра» навли қулупнайини тажриба тариқасида экиб кўрди. Маҳаллий иқлим шароитига мослашиб кетса, жаҳон бозорида харидоргир ушбу қулупнай навини кўпайтириш мақсад қилинган.

«Мўйдинов Бекзод Абдулла обод» боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Мўйдинов боғбон-тадбиркор сифатида танилган. Миришкор боғбонлар оиласига қарашли 15 гектар мевали боғ бор. Ҳозирда боғдаги «Баҳор» навли гилос ҳосили мамлакатимизнинг энг йирик савдо тармоқларига етказиб берилмоқда. Ушбу гилос БААда ҳам харидоргир. Айни пайтда бу маҳсулот буюртма асосида Дубайга экспортга жўнатилмоқда.

— Боғимизни табиий минералларга бой Сўх дарёси суви билан суғорамиз, — дейди тажрибали боғбон Н. Мўйдинов. — Шундан мевалардаги таъм, мазани бошқа жойдан топиш қийин. Қолаверса, бизнинг мевалар бошқа ҳудудларга қараганда бир ҳафта олдин пишади.

Нуриддин боғдорчиликда Туркия, Хитой тажрибасини пухта ўрганди. Унинг айтишича, Ўқчининг гилоси ҳар жиҳатдан бу икки юрт мевасидан асло каммас. Шу кунларда туманда қулупнайнинг килоси ўртача 15-20 минг сўм, гилос 45-60 минг сўмдан сотилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?