Олтмиш йиллик муаммо ижобий ечим топди

14:34 11 Март 2026 Жамият
195 0

Андижон вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Ҳудудларда янги тармоқлар барпо этиш, мавжуд инфратузилмани янгилаш орқали аҳоли учун қулай ва барқарор таъминот тизими шакллантирилмоқда. Жумладан, Избоскан туманидаги «Янги Бўстонобод» МФЙнинг «Боғаро» кўчасида ичимлик суви тизимини қуриш ишлари сифатли амалга оширилди. Мазкур маҳаллада 3744 нафар аҳоли, 217 та хонадон ва 5 та кўча мавжуд бўлиб, илгари аҳолининг атиги 10 фоизи сув таъминотига эга эди. Лойиҳа фойдаланишга топширилгандан сўнг ҳудуд тўлиқ ичимлик суви билан қамраб олинди.

— Авваллари маҳалла аҳолиси сувни «Катта Фарғона» каналидан ташиб истеъмол қилишга мажбур бўлган, — дейди «Андижон сув таъминоти» АЖ ходими Марҳабохон Насриддинова. — «Бизнес бебаҳо» МЧЖ томонидан қиймати 4 миллиард 233 миллион сўм бўлган лойиҳа асосида 10,2 километр тармоқ тортиш, 1 та янги сув иншоотини қуриш ва 1 та мавжуд иншоотни реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Натижада 60 йиллик муаммолар ижобий ечим топди.

Мазкур лойиҳа ишга туширилиши маҳаллада яшовчилар турмуш тарзини тубдан яхшилади, айниқса кундалик эҳтиёж учун сув ташиш машаққатини бартараф этди. Аҳоли эса амалга оширилаётган бундай эзгу ишлардан мамнун эканини билдириб, бу каби ташаббуслар ҳаёт сифати ошишига хизмат қилаётганини таъкидламоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер