Олот ва Қоракўл туманларидаги 11 мингта хонадонга электр энергияси таъминоти қайта тикланди

20:20 06 Май 2020 Жамият
1663 0

Хабар қилиб бораётганимиздек, 27 апрель куни ёпирилган беҳад кучли шамол, шаррос қуйган ёмғир Бухоро вилоятидаги инфратузилма объектлари, тураржойларга зиён етказибгина қолмай алоқа тизими, жумладан, электр энергияси таъминотида жиддий муаммоларни юзага келтирди. Маълумотларга қараганда, талафот оқибатида 1816 та трансформатор ишдан чиққан, 4311 та таянч устун синган ёки пастга ағдарилган,8160,3 километр узунликдаги электр узатиш тармоқларининг симлари узилган.

— Табиатнинг кутилмаган бу зарбаси олдида жамоамиз эсанкираб қолмади, —​ дейди “Бухоро ҲТЭК” акционерлик жамиятининг матбуот хизмати бўйича котиби Беҳруз Абдурасулов. —​ Ишчи-ходимларимиз зудлик билан давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғига асосан, ҳамжиҳатлик асосида талафот оқибатларини бартараф этишга киришдилар.Бу долзарб ишга 121 та таъмирлаш бригадаси, 188 та техника жалб этилди.

Натижада Вобкент, Ғиждувон, Когон, Қоровулбозор, Шофиркон, Бухоро туманлари ва Бухоро шаҳрида талафот қисқа муддат ичида бартараф қилинди ва истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилди. Ромитан ва Пешку туманларида бу борадаги юмушлар якунланиш арафасида.
 

Сир эмас, офат Олот ҳамда Қоракўл туманларига энг кўп зарар етказди. Масалан, Олотда ҳаво электр линиялари 100 фоиз шикастланди. 1062 километр узунликдаги бу линияларнинг ҳозиргача 35 фоиздан зиёди таъмирланди. 324 та янги таянч устунлар ўрнатилди. Зарарланган 384 та трансформаторнинг 102 таси таъмирланди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 4663 хонадонга электр энергиясини етказиб бериш йўлга қўйилди.

—​ Қоракўл тумани мисолида ҳам худди шунга ўхшаш далилларни келтириш мумкин, —​ дейди “Бухоро ҲТЭК” АЖ бош муҳандис ўринбосари Зоҳир Рустамов.—​ Масалан, туман бўйича 312 та янги таянч устунлар ўрнатилди. Зарарланган 402 та трансформаторнинг 85 таси таъмирланди. Пировардида 6302 хонадонга электр энергияси етказиб берилди.
 

Айтиш жоизки, шу кунларда ҳар иккала туманда авария – тиклаш ишлари бир зумга ҳам сусайгани йўқ. Чунки электр энергияси таъминоти қайта тикланишини интиқ кутаётган маҳалла, қишлоқлар ҳали кўп. Энергетиклар шу масъулиятни ҳис этган ҳолда бир ёқадан бош чиқариб ишлашяпти. Фуқаролардан эса фақат озгина сабр-тоқат талаб қилиняпти, холос. Зеро, қийинчиликлар ортда қолади. Ортда қоляпти ҳам.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?