“Олот” чегара божхона пости тубдан янгиланди

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Туркманистон Республикаси орқали “Олот” чегара божхона постига кириб келган киши Минораи Калон, Сомонийлар мақбараси каби қатор обидаларнинг кичик қиёфадошини кўриб беихтиёр кўҳна Бухоронинг нафасини туяди. Ҳудуддаги ободончилик, бунёдкорлик ишлари доирасидаги бу меъморий ечим мамлакатимизга қадам қўйган хорижликларда ўзгача таассурот уйғотмоқда.
— Олот туманида истиқомат қилувчи қариндошларимизникига келаяпман, — дейди ўзини Айна Аганиёзова дея таништирган меҳмонлардан бири. — Божхона постида қад ростлаган мана бу тарихий обидаларнинг нусхаларига қараб юрагим ҳаприқиб кетди. Қариндош уруғлар билан анчадан буён учрашмаган эдим. Дийдорлашув яқинлигидан ҳаяжондаман. Муҳими, гувоҳи бўлганингиздек бу маскан орқали Ўзбекистонга ҳеч бир оворагарчиликсиз кириб келяпмиз.
— Деярли ҳар ой шу постдан ўтаман, — дейди туркиялик юк автомобили ҳайдовчи Боз Барис. — Постга яқинлашганимда кўҳна Бухорони томоша қилгандек бўламан. Муҳими, божхонада хизмат кўрсатиш сифати юқори даражада. Юкни кўрикдан ўтказиш ва бошқа амаллар учун нари борса 30–40 дақиқа вақт сарфланади.
Суҳбатдошимиз вақт масаласига тўхталгани бежиз эмас. Бир пайтлар республикамиз ҳудудига кириб келадиган ёки транзит тарзда ўтиб кетадиган юк машиналари турнақатор тизилар, кўрикдан ўтгани суткалаб навбат кутишга мажбур бўлинарди. Эндиликда шу ҳолга батамом барҳам берилди. Бу аввало, инфратузилманинг ривожлангани билан боғлиқ. Дейлик, юк автомобиллари ўта аниқликда ишловчи “ақлли” компьютерлар воситасида божхона кўригидан ўтказилаяпти. Терминалда электрон навбат тизими йўлга қўйилган. Дарвоқе, бу ерда муқобил энергия манбаларидан ҳам оқилона фойдаланилмоқда. Чунончи, 1 миллиард 100 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига қуёш панеллари ўрнатилди. Сарф-харажат етти йилда ўзини қоплаши кутиляпти.
— Ушбу маскан учта йўналишда туну кун узлуксиз ишламоқда, — дейди Бухоро вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Асрор Муқимов. — У Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 25 майдаги тегишли қарорига асосан ташкил этилган. Божхона пости Ўзбекистон ва Туркманистон Республикалари ўртасида давлат чегаралари орқали ўтиш пункти вазифасини ўтаб келяпти. Давлатимиз раҳбарининг “Божхона маъмурчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, масканда жуда катта ҳажмда қурилиш-бунёдкорлик юмушлари бажарилди. Божхона пости йўлига темир-бетон қоплама ётқизилди. Қарийб 27 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эвазига халқаро андазаларга жавоб берадиган йўллар барпо этилди. Шунингдек, божхона постининг терминали қад ростлади. Мазкур терминал мингдан зиёд юк автомашина сиғимига эга автотураргоҳ, божхона омбори, марказий бино, меҳмонхона, савдо марказлари, ошхоналарни ўз ичига олади.
Бизга маълум қилишларича, терминалнинг тўла қувват билан ишлаши эвазига 150 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш имкони туғилмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар ўз натижасини кўрсатаяпти. Маскан орқали фуқароларнинг ҳаракати ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 51143 кишига кўпайди. Давлатимиз иқтисодий хавфсизлиги, чегараларимиз ва фуқароларимиз дахлсизлиги йўлида кунни тунга улаб меҳнат қилаётган божхона органлари ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 24 миллиард сўмликдан зиёд товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Дарвоқе, вилоят божхона бошқармаси шу масканга пресс-тур ташкил этди.Журналист ва блогерлар “Олот” чегара божхона пости инфратузилмасини ривожлантириш, одамлар ва товарлар оқими учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар ва ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олишди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг