Ўлим лагеридан омон қолган асир

14:30 29 Август 2025 Жамият
109 0

Ҳасрат билан очиқ кетади кўзлар,

Ўзга юртда, тутқунликда берсам жон.

Йўқ, ўлмайман! Дилда сўнгсиз орзулар,

Бағрингга қайтаман, Ватан – онажон.

Бу сатрлар 1943 йил Берлин шаҳри шимолидаги “Вустрау“ номли маҳбуслар лагерида ёзилган. Шеър муаллифи Ҳабиб Файзуллаев 1919 йилда Қарши шаҳрида туғилган. У эндигина 4 ёшга тўлганида отаси вафот этди. Ўттиз тўрт ёшида бева қолган муштипар онаси тиним билмай ишлаб, тўрт ўғилни ёлғиз ўзи вояга етказди. Ўғилларнинг кичиги Ҳабиб Файзуллаев – 1939 йилда ҳарбий хизматга чақирилди. Хизматни якунлаб, уйга қайтиш ҳаёли билан яшаётган кунларининг бирида уруш бошланиб қолди. Минглаб сафдошлари қаторида у ҳам биринчилардан бўлиб жангга кирди.

Даҳшатли жангларнинг бирида ўнг оёғидан оғир яраланган Ҳабиб Файзуллаев қуршовда қолиб, фашистлар қўлига асир тушди. Уни дастлаб Украинанинг Львов шаҳридаги исми жисмига мос “Ўлим” деб аталувчи лагерга келтиришди. Кейинчалик Ҳабиб Файзуллаевнинг ўз хотира битикларида ёзишича, у келган вақтда лагерда 40 минг киши бўлган. 36 минг киши бу ердаги даҳшатли очлик ва азоблардан вафот этишган. Қолган 4 мингга яқин асир Германиядаги “Вустрау“ лагерига кўчирилган.

Ушбу лагерда машҳур татар шоири Муса Жалил ҳам бор эди. Ҳабиб Файзуллаев тутқунликнинг илк кунлариданоқ у билан қалин дўстлашади. Ҳатто у Ҳабиб Файзуллаевни иним деб чақиради. Ҳаваскорлик билан ёзган шеърий машқларига устозлик қилади. Ҳабиб Файзуллаев бу шеърни 1943 йил февралида ёзган. У Муса Жалилга ҳам маъқул тушган эди:

Кулма, эй ғаним,

Чўзилмас узоқ

Сен бошимга солган ғам, кулфат.

Хақиқат эгилар, синмайди бироқ,

Зулматдан сўнг зиё келади, албат.

1943 йил февралда Муса Жалилни концлагердан олиб кетишгач, Ҳабиб Файзуллаев ягона дўсти ва сирдоши қоғоз, қаламга суянади. Кўпчилик маҳбуслар лагердаги очлик ва қийноқларга чидай олмай вафот этишди. Ниҳоят АҚШ қуролли кучлари омон қолган маҳбусларни озод қилишди. Аммо бу озодликнинг бадали янада оғир бўлди. 1945 йилнинг май ойида америкаликлар Франкфурт шаҳрида ташкил этилган пунктда уларни саралаб Смерш (смерть шпионам) деб аталган махсус бўлим ходимларига топширишди. Смершчилар тўрт мингдан ошиқ маҳбусни тўплаб қизил вагонларга жойлаштиришди. Эшелонлар қарийб бир ой йўл юриб, Коми Республикасининг олис посёлкаларидан бирига етиб келишди. Яна тергов, асоссиз туҳмат ва қийноқлар бошланди.

Терговчилар Ҳабиб Файзуллаевдан бирор жиноят аломатини топа олмадилар. Шунга қарамай, уч йиллик терговдан сўнг, яъни 1948 йилнинг 17 июлида ҳарбий трибунал уни 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Шундан кейин уч ой умумий турмада сақлашди. Сўнгра Инта шаҳридаги махсус оғир режимли лагерга юборишди. У ерда Ҳабиб Файзуллаевга ўхшаш 5 мингга яқин маҳбус бор эди.

Маҳбусларни 250 метр чуқурликдаги кўмир конида ишлатишди. Маҳбуслар учун бу кунлар Вустраудаги фашистлар лагеридаги азобларнинг давоми эди. Ҳабиб Файзуллаевга ўз юртига қайтиш, жигарлари, онажониси билан дийдорлашиш умиди қийинчиликларни енгишга қувват берди. Кўп ўтмай кўмир сифатини текширув идорасига смена бошлиғи этиб тайинланди. Бу вазифа илгариги ишларидан анча енгил эди, ҳаттоки китоб, газета ўқишга ҳам вақти бўлар, аммо бу лавозимга кон ишчиларига қараганда камроқ пул тўланарди.

Ҳабиб Файзуллаев шу ердан бўлса-да онасига ёрдам беришни, бироз пул тўплаб юборишни ўйларди. Шу боис эртаси куни кон бошлиғи олдига бориб, уни ерости бригадасига ўтказишини сўради. Кон бошлиғи уни бажонидил ишга қабул қилади. Чунки 259 метр ер остига тушиб ишлашга ҳеч ким кўнгилли равишда розилик билдирмас эди. Баландлиги атиги бир ярим метрлик шахта. Ҳамма вақт энгашиб ишлаш керак. Бел оғриғи ва ўпка нафасга тўймаслиги азоб беради. Ниҳоят уч ярим ойда ишлаб топган уч минг сўмга яқин пулини меҳрибон онасига юборади. Минг афсуски, Ҳабиб оғир машаққатлар билан топган пул етиб келганида онаизорнинг азаси бўлаётган эди. Тақдирнинг бешафқат ҳукми Ҳабибни доғда қолдирди. Кўплаб мурожаатлари, 14 йиллик айрилиқ, азобу уқубатлардан сўнг 1955 йилнинг 30 июнида Ҳабиб Файзуллаев уйга қайтди. Аммо энди ўзи йиллар давомида меҳрига интилгани, талпингани – онажони йўқ эди.

Ҳабиб Файзуллаев онаси келин қилишни орзу қилган қизга уйланди. Ўзининг бор куч ва шижоатини ишга бағишлади. Дастлаб “Муборакгаз ишлаб чиқариш” бошқармаси ишчилар таъминоти бўлими бошлиғи, сўнг Қарши шаҳридаги йирик савдо марказларидан бирининг директори бўлиб фаолият юритди. Кўп йиллар Қарши шаҳридаги “Чақар” маҳалласи оқсоқоли бўлиб ишлади. Турмуш ўртоғи Муяссархон ая билан 9 нафар қизни тарбиялаб вояга етказди. Ҳабиб Файзуллаев 2007 йилда, 88 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Дилнавоз РАҲМАТОВА,

Фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?