Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисидан фоторепортаж

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди, шунингдек, интеллектуал мулк муҳофазасини кучайтириш, Ҳукумат ваколатларини кенгайтириш ҳамда аъзолари масъулиятини оширишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Мажлисда депутатлар қуйи палата ҳузуридаги Ёшлар парламентининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳам эшитдилар.
Ўтган давр мобайнида Ёшлар парламенти томонидан ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этиш ҳамда қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган. 2023 йилда Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган қонун лойиҳаларидан 21 таси юзасидан 455 та таклиф тайёрланган.
2023 йилда хориждаги ёшлар, чет эл давлатларининг қонун чиқарувчи органлари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари билан ҳам ҳамкорлик кўлами сезиларли даражада кенгайган.
Мажлисда депутатлар Ёшлар парламентининг ҳисобот давридаги фаолиятини ижобий баҳолаш билан бирга, келгуси фаолиятида эътибор қаратиши лозим бўлган айрим масалаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Қизғин мунозаралар давомида Ёшлар парламенти аъзоларини Қонунчилик палатаси фаолиятига янада кенгроқ жалб қилиш, қўмиталар томонидан ўтказиладиган назорат-таҳлил тадбирларида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, шунингдек, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да тузилманинг ишини самарали ташкил этиш ва жонлантириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда Ёшлар парламентининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Бош вазир ўзининг ўринбосарлари ва вазирлар билан биргаликда ҳар ярим йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Ўзбекистон — 2030” стратегияси бажарилиши бўйича ҳисобот тақдим этиши кўзда тутилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқиб, Ҳукуматнинг иқтисодиёт, бюджет, молия, солиқ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ваколатлари кенгайтирилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан бир қатор аниқлаштирувчи саволлар ва таклифлар ўртага ташланди. Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб ўтдилар.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Вазирлар Маҳкамаси ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, Ҳукумат аъзоларининг бириктирилган соҳаларда аниқ натижаларга эришиши учун шахсий масъулиятини ошириш, Вазирлар Маҳкамасининг тармоқ ва соҳалардаги ваколатлари аниқ белгилаб берилган ҳолда, унинг ушбу соҳаларни ривожлантириш бўйича жавобгарлиги кучайтирилишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Интеллектуал мулк ҳимояси кучайтирилади. Мажлисда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам обдон муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар қилинди. Бироқ мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар сони йиллар кесимида ортиб бораётгани, ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлиллари бу турдаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш етарли самара бермаётганини, тайинланаётган жарималар бевосита давлат фойдасига ундирилганлиги боис ҳуқуқ эгаларида ҳеч қандай манфаатдорлик йўқлигини кўрсатмоқда.
Шу жиҳатдан, бу жараёнларга биринчи навбатда ҳуқуқ эгасининг манфаатдорлигини оширишга қаратилган янги тартибларни жорий қилиш талаби юзага келмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан таклиф қилинаётган худди шундай товон пули тўлаш механизми “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунга киритилган бўлиб, амалиётда ўз самарасини бермоқда. Масалан, биргина 2022 йилда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар эгаларига жами 1 млрд. 338 млн. сўм миқдорида товон пуллари ундириб берилиб, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқлари тикланган.
Шу билан бирга, интеллектуал мулк соҳасидаги қонун ҳужжатларига зарар ўрнига тегишли тартибда товон тўлашни талаб этиш механизми жорий этилаётгани сабабли зарарни қоплаш ўрнига қўлланиладиган фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларини бирхиллаштириш зарурати вужудга келмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини амалиётга татбиқ этиш, тегишли ҳуқуқларни ҳимоя қилишда томонларнинг манфаатдорлигини ошириш ҳамда бу йўналишдаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш, қонунга хилоф равишда фойдаланиш натижасида етказилган зарар ўрнига товон талаб қилиш тартибини, шунингдек биринчи навбатда ҳуқуқ эгасининг манфаатдорлигини оширишга қаратилган янги тартибларни жорий қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг