Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар ва нотариуслар ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Фото: "Халқ сўзи"
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ҳамкорлигида “Аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда коррупция ва бюрократиянинг олдини олишда нотариатнинг ўрни” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбир доирасида Қўмита ва Нотариал палата ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат қонун ижодкорлиги жараёни самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини соддалаштириш, қонунчилик тизимини янада ихчам ва халқчил қилиш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда қонунларнинг таъсирини кучайтиришни кўзда тутади.
Шундан сўнг, Қўмита аъзоси, депутат Абдуманнон Бўриев депутатлик сўрови доирасида амалга оширилган ўрганишлар натижаларини тақдим этди. Унинг маълум қилишича, ўрганишлар Тошкент шаҳри ва вилояти нотариуслари ўртасида ўтказилган бўлиб, бу жараён ҳақида тегишли ташкилотлар хабардор бўлмаган. Депутатнинг таъкидлашича, нотариуслар қонунчиликдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича ўз таклифларини билдирган.

Қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов қонунларни такомиллаштириш жараёнида мутахассислар фикрини ўрганиш муҳимлигини таъкидлади.
– Президентимиз таъкидлаганидек, қонунлар халқчил бўлиши шарт. Шу боис амалиётдан келиб чиқиб мутахассисларнинг таклифларини инобатга олиш – биз учун устувор вазифадир, – деди Ширинов.
Мулоқот давомида Зангиота туманида хусусий амалиёт олиб бораётган нотариус Абдубоситхўжа Боисхўжаев ва Олмазор туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Шоира Билолхўжаева соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, фуқаролар ва нотариуслар учун яратилган қулайликлар ҳамда ечим кутаётган муаммолар ҳақида маълумот беришди.
Шунингдек, тадбирда Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва медиация бошқармаси бошлиғи Маъсум Ҳатамов, Олий суд, Бош прокуратура ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги вакиллари иштирок этди сўзга чиқди.
Мулоқот якунида нотариусларнинг коррупциянинг олдини олишдаги ўрни ва бу йўналишдаги аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг