Оҳангаронда микропроцессор ва SIM карта ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

18:04 04 Май 2023 Иқтисодиёт
1236 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 июндаги “Мис ва ноёб металлар хом ашёсини қайта ишлашнинг технологик занжирларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Оҳангарон туманида мис ва ноёб металларни қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган “Оҳангарон Tech Industrial” технопарки ташкил этилмоқда.

Технопарк барпо этилиши натижасида дастлабки босқичда умумий қиймати 191,3 млн. доллар бўлган 10 та лойиҳа амалга оширилиб, 1870 та янги иш ўринлари яратилади.

Технопарк ҳудудида ҳозирги кунда иккита корхона қурилиш ишлари бошланган.

Улардан бири “Ahangaran Copper Foil” МЧЖ бўлиб, ушбу лойиҳанинг қиймати 50 млн. долларни ташкил этади. У тўрт босқичда амалга оширилади. Корхона ўз иш фаолиятини бошлаши натижасида 350 та янги иш ўрни яратилади. Биринчи босқичда дунё брендларига кирган “Schneider“ компанияси билан ҳамкорликда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Кейинги босқичларига келиб, давлатимизда биринчилардан бўлиб, мис фольгасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Айни дамда корхона томонидан Германия, Корея ва Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар олиб келинмоқда.

Бу ердаги иккинчи лойиҳа “Vades Group” МЧЖ бўлиб, корхонада идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, мобил қурилмалар учун SIM карта, транспорт, ижтимоий ва халқаро валюта тўлови карталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 млн. доллар бўлиб, лойиҳани амалга ошириш натижасида 95 та янги иш ўринлари яратилади.

Ҳозирги кунда мазкур корхонага Корея ва Хитой давлатларидан “Kodak”, “Genius” ва “Colamark” бренди остида ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги ускуналар сотиб олинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?