Нурободнинг олис ҳудудида замонавий поликлиника ва спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятининг чекка туманларидан бири — Нурободда аҳоли фаровонлиги ва соғлом турмуш тарзини таъминлашга қаратилган муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, туманнинг Булоқбоши маҳалласидан замонавий тарзда барпо этилган «Сепки» оилавий поликлиникасининг янги биноси аҳоли хизматига топширилди.
«Ташаббусли бюджет» доирасида қурилган ушбу тиббиёт муассасаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган поликлиника бир сменада 80 нафар беморга хизмат кўрсатиш имконига эга бўлиб, Булоқбоши маҳалласи ҳамда унга туташ ҳудудларда яшовчи 10 минг нафарга яқин аҳолига зарур тиббий хизматлар кўрсатилади.
Мазкур муассасада экологик барқарорлик ва ресурслардан оқилона фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, қуёш панеллари ўрнатилиши орқали поликлиника энергия самарадорлигини таъминлайди.
Шунингдек, маҳаллада ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мақсадида барпо этилган замонавий спорт мажмуаси ҳам ишга туширилди.
«Ташаббусли бюджет» маблағлари ҳисобидан қурилган ушбу спорт иншоотида иккита мини-футбол майдони, волейбол ва баскетбол заллари, воркаут майдони ҳамда турли спорт турлари учун мўлжалланган машғулот майдонлари мавжуд.
Янги объектларнинг тантанали очилиш маросимида Нуробод тумани ҳокими Муҳаммад Бўронов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Сухроб Зайниев, маҳаллий фаоллар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда, жумладан, чекка ҳудудларда ҳам ҳаёт сифатини ошириш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак баҳога лойиқ эканини таъкидлашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг