Нуробод саноатлашган ҳудудга айланадими?

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятидаги ҳудуди жиҳатидан энг катта туман — Нуробод ҳақида сўз юритилса, баҳорги ёмғирлар туфайли яшилликка бурканган қир-адирлар кўз олдимизга келади. Очиғини айтганда, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик билан бир туманни ривожлантириб бўлмайди. Бунинг устига, етиштирилган маҳсулотлар қайта ишланмаса, хомашё тайёрлаш орқали катта даромад олиш жуда мушкул. Шу каби жиҳатлар эътиборга олиниб, Нурободда «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг филиали, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.
Қуйида бунга бир неча мисолларни келтириб ўтамиз: Россия Федерациясининг тўғридан-тўғри 30 миллион доллар сармояси асосида «Щёлково агрохим — Ўзбекистон» МЧЖ қўшма корхонаси ишга туширилди. Австриянинг «Lasselsberger» компанияси билан ҳамкорликда «Semix» МЧЖ томонидан 100 миллион доллар хорижий инвестицияси ҳисобидан 40 гектар майдонда қурилиш материаллари, эмульсион бўёқлар, декоратив ва керамогранит плиткалар ишлаб чиқариш лойиҳалари доирасида 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Саудия Арабистони Халқаро туячилик ташкилотининг (ICO) тўғридан-тўғри 15 миллион доллар грант маблағлари ҳисобидан 520 гектар майдонда туячилик кооперацияси ташкил этилди. Нуробод туманидаги 34 та сиҳатгоҳ ва аҳолига шифобахш туя сути етказиб бериш йўлга қўйилди.
Халқаро тараққиёт уюшмаси ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида «Чорвачилик соҳасини ривожлантириш 2-босқич» лойиҳаси доирасида 12,5 миллион доллар грант маблағи ҳисобидан чорвачилик соҳасида хизматларни ривожлантириш дастури амалга оширилди. Йилига 207 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.
— 2023 йилда Нуробод туманидан 9,7 миллион долларлик маиший техника, пластмасса эшик-ромлар ва бошқа саноат маҳсулотлари экспорт қилинди, — дейди туман ҳокими ўринбосари Ғолиб Неъматов. — Бундан ташқари, Ҳиндистон ва Хитойга озиқ-овқат маҳсулотларига қўшимча сифатида ишлатиладиган 0,3 миллион долларлик коврак шираси сотилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 0,24 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан икки фоиз ўсишга эришилди. Импорт ўрнини босувчи, экспортбоп саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мисол учун, «Central Asia Company» МЧЖ негизида кафель маҳсулотлари хомашёсини ишлаб чиқариш учун 4,5 миллион доллар, «Zhongguo Daohu Qiche Zhizao» МЧЖ хусусий корхонаси томонидан юк машиналари учун тиркама ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасига 3 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
— Туманнинг 2023-2024 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастурига асосан қиймати 172,5 миллион долларга тенг бўлган 79 та лойиҳани ишга тушириш ва 1253 та иш ўрни яратиш режалаштирилган, — дейди Нуробод тумани ҳокими Сирожиддин Бердиқулов. — Жорий йилда қиймати 113,7 миллион долларлик 5 та лойиҳа амалга оширилди. Ўтган йил 6 турдаги янги маҳсулотни ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, саноат маҳсулотлари ҳажми 579,4 миллиард сўмга етказилди.
Маълумотларга кўра, туманда мавжуд имконият ва захираларни ишга солиш орқали ҳозирда бўш турган 14 та бино-иншоотга тадбиркорларни жалб қилиб, камида 15,6 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ҳисобига 114 та янги иш ўрни яратилади. Паст қувватда ишлаётган 2 та корхона тўлиқ қувватга ўтказилиб, йил якунига қадар қўшимча 61,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Ҳозирги кунда жаҳонда туризм давлатларнинг асосий даромад йўналишига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни республикамиз, хусусан, Самарқандга келаётган сайёҳлар оқимининг кўпайганидан ҳам билиш мумкин. Шу боис Нуробод туманида туризмни ривожлантириш, янги масканлар қуриш, сайёҳларни жалб қилиш режалари ишлаб чиқилган. Бунинг учун Оқсой маҳалласида, Ҳазрати Довуд қадамжоси атрофида Швейцария давлатининг «Bartholet» компанияси билан ҳамкорликда «Самарқанд канат йўллари» МЧЖ томонидан 13,5 миллион доллар (12 миллион доллар хорижий банк кредити, 1,5 миллион доллар ўз маблағи) инвестиция маблағи ҳисобига «сайёҳларга хизмат кўрсатиш маркази» ташкил этилади.
Шунингдек, туризм салоҳияти юқори бўлган Аработа, Оқсой ва Қўрғонча маҳаллаларида йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали йилига қўшимча 45 минг нафар туристни жалб қилиш имконияти бор.
Туман раҳбарлари ва тадбиркорларнинг 2023 йил декабрь ва жорий йил январь ойларида Хитойга сафари давомида юк машиналари учун тиркамалар ишлаб чиқариш ва йиғишни ташкил этиш, кафель маҳсулотлари хомашёсини ишлаб чиқариш учун оҳак ва кварцни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.
Шунингдек, электромобиллар эҳтиёт қисмлари ва зарядлаш станцияларини ишлаб чиқариш, чорва моллари етиштириш ҳамда наслчиликни ривожлантириш, ветеринария дори воситалари ишлаб чиқариш учун доривор ўсимликлар, дуккакли ва чорва озуқа экинлари етиштириш бўйича музокаралар олиб борилди. Сабзавотни консервалаш, майда шохли чорвачилик хўжалигини ташкил этиш, полиэтилен қувурлар, қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқариш, соя ва маккажўхори етиштириш, ун ва ун маҳсулотлари, кунгабоқар етиштиришни ташкил этиш борасида келишувларга эришилди.
Жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари Россия Федерациясининг Пенза вилоятига сафарда эса ишбилармонлар билан 40 миллион долларлик шартномалар тузилди. Ҳозирда бу келишувларни амалга оширишга киришилган.
Хулоса ўрнида айтганда, ҳудуднинг катта-кичиклиги эмас, ундаги қулайлик ва яратилган шарт-шароит муҳим. Истиқболли лойиҳалар туфайли Нуробод саноатлашган туманга айланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг