Наврўз сайллари Сурхон воҳасида давом этмоқда
Сурхондарё вилоятида Наврўз айёми ўзига хос кўтаринки руҳда, халқона сайллар билан қарши олинмоқда. Айниқса, Узун, Денов, Музработ ва Қумқўрғон туманларида ўтказилган байрам тадбирлари кенг қамрови, миллий руҳи ва дўстлик муҳити билан ажралиб турди.
Узун туман марказида ташкил этилган Наврўз сайлига минглаб фуқаролар, меҳнат фахрийлари, ёшлар ва маҳалла аҳли жам бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, байрамга қўшни Тожикистон Республикасидан ҳам меҳмонлар ташриф буюриб, қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик яна бир бор намоён бўлди.

Тантаналарда миллий урф-одат ва қадриятларимизни акс эттирувчи кўргазмалар, халқ ҳунармандчилиги намуналари, сумалак ва миллий таомлар сайли алоҳида қизиқиш уйғотди. Шунингдек, таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, бахшилар томонидан ижро этилган достонлар байрамга файз бағишлади. Миллий халқ ўйинлари, спорт мусобақалари эса сайл иштирокчиларига янада шодлик ва кайфият улашди.
Тадбирларда сўз олганлар Наврўз нафақат баҳор ва янгиланиш байрами, балки инсон қадри, дўстлик ва бағрикенгликни улуғлайдиган улуғ айём эканини таъкидладилар. Бу каби сайллар халқларни бир-бирига яқинлаштириб, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Узун туманидаги Наврўз сайли шу жиҳатлари билан нафақат байрамона шодиёна, балки халқлар ўртасидаги маданий яқинлик ва самимий муносабатларнинг ёрқин ифодасига айланди.
Баҳорнинг илиқ нафаси, одамлар қалбидаги қувонч ва бирдамлик руҳи билан йўғрилган Наврўз шодиёналари ва халқ сайллари бугун воҳада кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг