NASA’нинг Parker зонди Қуёшга “тегадиган” биринчи космик кема бўлади

23:35 15 Декабрь 2021 Дунё
2284 0

Инсоният тарихида биринчи марта космик кема Қуёш юзасига етиб борди. NASA’нинг Parker зонди Қуёшнинг юқори атмосфераси бўлган Қуёш тожи узра учиб ўтди. Зонд Қуёш тожидаги заррачалар ва магнит майдонлардан намуна олишга муваффақ бўлган.

Бу амалиёт Parker Solar Probe учун муҳим қадам ва Қуёшни ўрганиш жараёнида янги саҳифа бўлди. Ойга қўниш олимларга унинг қандай пайдо бўлганини тушунишга имкон берганидек, Қуёшга етиб бориш ва унинг тожидан намуналар олиш сайёрамизга энг яқин бўлган юлдуз ва унинг орбита тизимига таъсири борасидаги муҳим маълумотларни очиқлашга ҳисса қўшади.

Parker Қуёш зонди юлдузнинг юқори атмосфераси бўлган Қуёш тожига кирган биринчи космик кема бўлди. Parker эриши олдини олиш учун у 11 см қалинликдаги CFRP экран билан ҳимояланган бўлиб, тахминан 1300 даража ҳарорат учун мўлжалланган, автоном датчик тизими Parker’нинг ҳимояланган томонидан Қуёшга бурилишини таъминлайди. Зонд яратувчилари, Jons Hopkins университети амалий физика лабораторияси ходимларининг сўзларига кўра, илгари космик аппаратлар Қуёшга яқинлаша олмаган, чунки технология уларни етарли даражада иссиқлик муҳофазаси билан таъминлашга имкон бўлмаган.

АҚШдаги NASA штаб-квартираси илмий миссияси бошқарув гуруҳининг ёрдамчи маъмури Томас Зурбухеннинг фикрича, Parker Solar Probe’нинг Қуёшга «тегиши» астрономия фани учун бу жуда муҳим воқеилик ва чинакам жасоратдир. Ушбу муҳим босқич нафақат Қуёш эволюцияси ва унинг орбитага таъсири ҳақида чуқурроқ маълумот олиш, балки коинотдаги бошқа юлдузлар борасида тасаввурга эга бўлиш имкониятини беради».

Тадқиқотлар тарихи

Қуёш тожига етиб борган ушбу зонд жорий йилнинг 12 август куни NASA космик агентлиги томонидан Delta IV Heavy ракетаси ёрдамида учирилди. Ҳажми кичик автомобилдек бўлган қурилма 1950 йилларда дунёда биринчилардан бўлиб Қуёш шамолини – Қуёшдан доимий равишда чиқариладиган зарядланган зарралар оқимини тасвирлаган астрофизик Евгений Паркер номи билан аталган.

Parker Solar Probe космик кемасининг парвози NASA нинг Қуёш-Ер тизимининг ҳаёт ва жамиятга бевосита таъсир кўрсатадиган жиҳатларини ўрганиш учун ташкил этилган «Юлдуз билан яшаш» дастурининг бир қисмидир. Ушбу дастур АҚШнинг Мериленд штатидаги Jons Hopkins университетининг

амалий физика лабораториясида жойлашган. Бу миссия NASA учун ишлайди ва режаларни лойиҳалаштиради.

2019 йилда Parker зонди Қуёш шамолида магнит зиг-заг тузилмалари Қуёш юзаси яқинида жуда кўп эканини аниқлаган эди. Аммо улар қандай ва қаерда пайдо бўлганлиги ҳанузгача номаълум. Ўшандан бери Қуёшгача бўлган масофани икки бараварга қисқартирган Parker космик кемаси магнитлар манбайини аниқлаш учун етарлича имкониятга эга бўлди.

Зонд Қуёш тожи орқали узоқдан ўрганиш мумкин бўлмаган ҳодисалар ҳақида маълумотларни аниқлашда давом этмоқда.

«Parker Solar Probe энди Қуёш атмосферасининг магнит қатлами бўйлаб амалга ошираётган парвози давомида биз илгари қила олмаган ўрганишларни амалга оширади. Биз Магнит майдон маълумотларига, Қуёш шамоли тўлқинларига ва камера олган тасвирларга асосланиб зонд тожни кесиб ўтганини тасдиқлай оламиз», — дейди Jons Hopkins амалий физика лабораториясининг тадқиқотчиси Ноур Раоуафи.

Ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ

Parker Solar Probe Зонди 2018 йилда Қуёш сирларини ўрганиш, унга яқинроқ саёҳат қилиш мақсадида ишга туширилган. Миссия иш бошлаганидан уч йил ўтгач, яъни 2021 йилда Parker ниҳоят Қуёш юзасига етиб борди.

Тадқиқотлар натижасига кўра, Ердан фарқли ўлароқ, Қуёш қаттиқ сиртга эга эмас. Аммо у магнит кучлар билан боғланган турли материаллардан ташкил топган ўта қайноқ атмосферага эга.

NASA Parker Қуёш зондини Қуёшга «тегадиган» биринчи космик кема сифатида таърифламоқда. Олимларнинг режасига кўра, етти йилга мўлжалланган миссия давомида зонд юлдуз атрофида 24 марта айланиб, унга рекорд масофада 6,1 миллион километрга яқинлашади. Амалда бўлган рекорд 1976 йилда Қуёшдан 43,4 миллион километр узоқликда учган немис-Америка ҳамкорлигидаги Helios-2 зондига тегишли эди. Маълумот учун, Ернинг Қуёшдан ўртача масофаси 149,6 миллион километрни ташкил қилади.

«Биз эртами-кечми, Қуёш тожи билан учрашишимизни кутган эдик. Аммо биз бунга эришганимиз жуда ҳаяжонли», — дейди Мичиган университети профессори Жастин Каспер.

Parker Қуёшга яқинлашишда давом этади ва натижада Қуёш системаси борасидаги амалий тажрибалар ортишида катта роль ўйнайди. Космик кеманинг Қуёшга томон уюштириладиган кейинги яқинлашув парвози 2022 йилнинг январь ойида бўлиб ўтади.

«Келгуси йилларда Parker тожни қайтадан кесиб ўтганида яна янги топилмаларни кўришимизга ишончим комил. Бизда зонд ёрдамида амалга ошириладиган янги кашфиётлар учун имконият чексиздир», дейди NASA штаб-квартирасидаги гелиофизика бўлими директори Никола Фокс.

Тожнинг катталиги Қуёш фаоллиги билан ҳам боғлиқ. Қуёшнинг 11 йиллик фаоллик цикли — кучайиши билан тожнинг ташқи қирраси кенгаяди, бу Parker Solar Probeʼга тож ичида узоқроқ вақт қолиш имкониятини беради.

Қайта ўтиш манбаларини қисқартириш

1990 йилларнинг ўрталарида NASA ва Европа космик агентликлари ҳамкорликда амалга оширган Улисс миссияси доирасида космик кема Қуёш қутблари устидан учиб ўтган ва Қуёш шамолининг магнит майдон чизиқларида бир нечта ғалати S шаклидаги бурмаларни топган эди. Бу бурмалар Қуёш тожидаги туйнуклар экани аниқланди.

«Қуёш атмосферасидан Қуёш юзасига ўтиш учун тож сиртида бир қанча туйнукларини аниқланган. Parker зонди яқин муддат ичида тадқиқот объектига янада яқинлашиш учун бу туйнуклар орасидан ўзининг навбатдаги «эшиклар»ини белгилаб олди», дейди Калифорния университети профессори Стюарт Бейл.

Олимлар яқин муддат ичида тож қандай қилиб миллионлаб даражагача қизишини ва унинг асосий таркибини аниқлашни режалаштирмоқда.

Қуёш сиртида қаттиқ кучга эга бўлган шамол доимий ҳаракатланиши ва унинг овоз тўлқинлари жуда баланд эканлиги ҳам видеотасвирларда аксланган. Тождан олинган бундай ўлчовлар телекоммуникацияларни бузиши ва Ер атрофидаги сунъий йўлдошларга зарар етказиши мумкинлиги ҳам исботланди.

«Биз келгуси йилларда миссия яна нимани кашф этишини кўришни интиқлик билан кутмоқдамиз. Қуёш тожини кесиб ўта олиш биз учун инқилобий янгилик», — дейди NASA штаб-квартирасидаги Parker дастури ижрочиси Жозеф Смит.

Рисолат МАХСИМОВА тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?