Наманганда 62-Халқаро гуллар фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди

Фото: “Халқ сўзи”
Меҳмондўст шаҳар нафосат шайдоларини Бобур номли маданият ва истироҳат боғига 22 миллион, кўча ва хиёбонларга 10 миллион ҳамда “Афсоналар водийси” тематик паркига 10 миллион тупдан ортиқ гул ва кўчатлар эккан ҳолда кутиб олди ва кузатиб қўйди.
Байрамга 6 миллион нафардан ортиқ гулсеварлар, жумладан, 40 дан зиёд мамлакатдан 100 мингга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. Уларга ҳар куни бири-биридан мазмунли ва серзавқ маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар тақдим этилди. Уста боғбон ва ландшафт дизайни мутахассислари томонидан яратилган бетакрор гул кўргазмалари, шунингдек, халқаро IT-Forum, хорижий экспертлар иштирокидаги илмий-амалий конференция, ҳунармандлар кўргазмаси, ўзбек палови чемпионати, қўл жанги бўйича халқаро турнир, Фарғона водийси модалар ҳафталиги, жаҳон киноси ҳафталиги, Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг очиқ осмон остидаги концерти, Ўзбекистон Миллий академик драма театри спектакллари, Қорақалпоғистоннинг “Айқулаш” ансамбли концерти, аския ва кулги, назм ва наво кечалари анжуман меҳмонлари қалбида узоқ вақт сақланиб қолиши табиий.
— Айниқса, жаҳон эстрадасининг таниқли вакиллари — туркиялик Рафет Эл Роман, озарбайжонлик Талиб Тале ва Зайнаб Ҳасанийларнинг катта шоу-концертлари фестиваль меҳмонлари учун кутилмаган совға бўлди, — дейди Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. — Ушбу концертларга умумий ҳисобда 50 мингдан ортиқ санъат ихлосмандлари ташриф буюриб, бетакрор мусиқа ва сара қўшиқлардан баҳраманд бўлдилар.
“Афсоналар водийси” тематик паркида фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги бадиий дастур кўнгилларга алоҳида шукуҳ бағишлаган бўлса, анжуманда фаол иштирок этиб совриндор бўлганларнинг тақдирланиши маҳоратли гулчиларнинг меҳнатига муносиб рағбат бўлди. Айни жараёнда фестивални ўтказишда фаоллик кўрсатган олий ўрин соҳиблари “Gentra” ва “Monzo” автомашиналари билан тақдирланди. Бунда “Ҳокимликлар ўртасида энг яхши ландшафт дизайн” номинацияси бўйича Норин тумани ҳокимлиги, “Бошқарма ва ташкилотлар ўртасида энг яхши ландшафт дизайн” номинациясида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Наманган филиали , “Гул автопарадида энг яхши безатилган автомобиль” номинациясида “Chortoq Mineral Water“ МЧЖ қўшма корхонаси ва “Энг яхши дизайнер гулчи” Ойбек Нуриддиновга автомобиллар калити тантанали равишда топширилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг