Наманганда 3 киши бўёқ ҳидидан заҳарланди

11:10 04 Сентябр 2025 Жамият
146 0

Видеодан кадр

ФВВ қутқарувчилари Наманган вилоятида 25 метр кубли сиғим ичига тушиб, ҳушини йўқотган 3 нафар фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 3 сентябрь куни соат 16:55 да Наманган вилоятида 25 метр кубли сиғим ичига тушган 3 нафар фуқаро тозалаш ва бўяш вақтида ҳушсиз ҳолга келиб қолгани ҳақида ФВБга хабар келиб тушган.

Хабарга асосан, ҳодиса жойига зудлик билан ФВВ қутқарувчилари етиб бориб, махсус қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида фуқароларни қутқариб олган ва тиббиёт ходимлари билан биргаликда биринчи ёрдам кўрсатган.

Билдирилишича, ҳозирда уларнинг аҳволи яхши.

Юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатлар рўй бермаслиги учун нималарга аҳамият бериш керак?

Эътибор берадиган бўлсак, 25 м³ ҳажмли ёпиқ хоналарда бўёқ ишлари олиб борилганда ишчиларнинг ҳушдан кетиши кўпинча ҳаво алмашинувининг йўқлиги ва зарарли моддалар тўпланиши билан боғлиқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ёпиқ биноларда ҳаво ифлосланиши ташқи муҳитдагидан 2–5 баравар юқори бўлиши мумкин.

Масалан, бўёқларда учрайдиган толуол ёки ксилол моддалари қисқа вақт ичида бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳатто ҳушдан кетишга олиб келади. Мутахассислар фикрича, кичик ҳажмли хоналарда 15–20 дақиқа ичида зарарли моддалар инсон саломатлиги учун хавфли даражага етиши мумкин.

Муаммонинг олдини олиш учун энг аввало вентиляцияни таъминлаш зарур. АҚШ Меҳнат хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси (OSHA) қоидаларига кўра, бўёқ ишлари олиб борилаётган хоналарда ҳаво ҳар соатда камида 6–10 марта янгиланиши керак. Яъни агар хона ҳажми 30 м³ бўлса, вентиляция тизими бир соат ичида камида 180 м³ (30×6), кўпи билан 300 м³ (30×10) ҳавони киритиб-чиқариши керак. Бу – зарарли моддалар ҳавода тўпланиб қолмаслиги ва ишчилар доим тоза ҳаво билан нафас олишини таъминлайди.

Шу билан бирга, ишчилар ниқоб ва махсус респираторларда ишлаши лозим. Тадқиқотлар кўрсатишича, тўғри ҳаво айланиши ва ҳимоя воситалари қўлланиши ҳушдан кетиш ва заҳарланиш ҳолатларини 70 фоизгача камайтиради. Шу боис кичик ҳажмли ёпиқ хоналарда бўёқ ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш жуда муҳимдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?