Мулк ҳуқуқининг қонуний кафолати
Кўчмас мулк инсон ҳаётидаги энг муҳим активлардан бири бўлиб, уни қонуний расмийлаштириш нафақат мулкдор ҳуқуқларини ҳимоя қилади, балки ҳудуднинг иқтисодий ривожланиши ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланишда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида «мулк ҳуқуқи — муқаддас» деган тамойил мужассам бўлиб, Давлат кадастрлари палатаси Олтинкўл туман филиали томонидан 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ва эришилган натижалар бу фикрнинг яққол тасдиғидир.
Жорий йилнинг бошидан буён туман филиалига кадастр паспортини шакллантириш бўйича жами 1 909 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 938 таси ижобий ҳал этилди. Шунингдек, кўчмас мулк ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш йўналишида ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Келиб тушган 2 232 та мурожаатнинг 990 таси бўйича мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилди. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатадики, кўплаб мурожаатларнинг рад этилишига фуқароларнинг ҳужжатларни тайёрлашдаги эътиборсизлиги сабаб бўлмоқда. Хусусан, тақдим этилган ҳужжатларнинг сифатсизлиги ёки ўқиб бўлмаслиги, ваколатли органларнинг тақиқлари мавжудлиги ёхуд зарур иловаларнинг йўқлиги ижобий натижага тўсиқ бўлмоқда. Шу боис, фуқаролардан мурожаат қилишдан аввал мавжуд ҳужжатларни синчиклаб текшириб кўришларини сўраб қоламиз.

Бугунги кунда соҳадаги энг долзарб масалалардан бири Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонуни ижросидир. Ушбу ҳужжат йиллар давомида ечилмай келаётган муаммо ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш имконини бермоқда. Туманимизда мазкур йўналишда тизимли ишлар ташкил этилган бўлиб, тасдиқланган режа-жадвалга кўра жорий йилда 10 та маҳаллада хатлов ишлари белгиланган. Ҳозирга қадар 7 567 та объект тўлиқ хатловдан ўтказилиб, улардан 3347 таси «Эътироф» ахборот тизимига киритилди. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, тизимга киритилган объектлардан 337 таси бўйича ҳуқуқлар аллақачон қонуний равишда эътироф этилди. Бу дегани, яна юзлаб оилалар ўз мулкининг ҳақиқий эгасига айланиб, қонун ҳимоясига кирдилар. Қолган объектлар эса айни пайтда жамоатчилик муҳокамаси ва тўлов жараёнлари каби турли босқичларни ўтамоқда.
Ушбу мураккаб ва масъулиятли жараёнларга туман филиалининг 20 нафарга яқин малакали мутахассислари жалб этилган бўлиб, улар нафақат ҳужжатлар билан ишлашмоқда, балки ҳар бир маҳаллада бўлиб, фуқароларга қонунчиликдаги янгиликларни тушунтиришмоқдалар. Хулоса қилиб айтганда, кадастр хизматларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланиши натижасида мулкдорларнинг давлат тизимига бўлган ишончи ортмоқда. Олтинкўл туманида бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётгани ҳудудда мулк ҳуқуқининг кафолатланишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ҳакимжон АЗИМОВ,
давлат кадастрлари палатаси
Олтинкўл туман филиали раҳбари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг