Муаммонинг ечими ўзимизга боғлиқ

19:51 06 Март 2026 Жамият
377 0

Дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб кескин ошаётган маҳал суғориладиган ерлар қатори лалмикорликда ҳам ҳосилдорликни кўтариш, уруғчилик тизимини намунали йўлга қўйиш жуда муҳимдир. Масалан,нўхат етиштиришда. Маълумотларга кўра, ҳар йили республикамиз бўйича 55 минг гектар лалмикор ерларда фермерлар ва аҳоли томонидан нўхат етиштирилмоқда. Афсуски, олинаётган ҳосилдорлик 4 центнерга ҳам бормаяпти. Кўриниб турибдики, нўхат экилаётган майдон ҳам ҳосилдорлик салмоғи ҳам жуда кам. Нега?..

- Энг катта муаммо уруғчиликнинг йўлга қўйилмагани. Маҳаллий навлар кўп, аммо уни сифатли тайёрлаб деҳқонларга тавсия этадиган, керак бўлса жойларгача етказиб берадиган тизимнинг ўзи йўқ. Жойларда нўхат экадиган махсус техникалар ҳам етишмайди, — дейди Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директорининг ўринбосари, қишлоқ хўжалик фанлари бўйича фалсафа доктори Маматқул Жўраев. — Ваҳоланки, бозорда шу маҳсулотга бўлган талаб юқори. Ҳар йили Эрон ва бошқа давлатлардан импорт қилинадиган нўхатга бу йил Яқин Шарқдаги уруш туфайли умид қилишнинг иложи йўқ. Демак ички бозорни тўлдириш фақат ўзимизга боғлиқ. Ана шу мақсадда жорий йил февраль ойининг ўрталарида Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманларида дала ўқув семинарлари ўтказилди ва фермерларга нўхат етиштиришда кам харажатли экиш усулларидан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди. Айни чоғда ҳам нўхат экиш ишлари давом этяпти. Ёғингарчиликлар эса фермерларга қулайлик яратмоқда. Чунки тупроққа тушган уруғ тез униб чиқади, яхши ривожланади.

Маматқул Жўраевнинг таъкидлашича, олимларнинг тадқиқотларида аниқландики, сурункали ғалла экиш натижасида тупроқдаги чиринди миқдори қарийб 50 фоизга камайиб кетади.Бундай далаларда дуккакли экинларни ( нўхат, хашаки нўхат) алмашлаб экиш тупроқдаги чиринди миқдорини сезиларли даражада тиклаб беради. Ана шу сабабли ҳам лалмикорликда нўхат етиштиришни ҳозиргига нисбатан ўн карра, юз карра кўпайтириш ҳар томонлама фойдали.

-Нўхатнинг “Забардаст”, “Ифтихор”, “Лўнда”, “Гулистон”, “Юлдуз”, “Лаззат” ва “Ўзбекистон–32”сингари маҳаллий навларидан лалмикор ерларда гектаридан 13-15 центнердан ҳосил кўтариш мумкин. Фақат бунинг учун уруғчиликни тизимли равишда ташкил этиш, кафолатли уруғчилик тизимини яратиш зарур. Афсуски, кейинги йилларда фермер хўжаликлари томонидан синовдан ўтмаган ва ишончли бўлмаган хорижий уруғларнинг экилиши натижасида уруғлар униб чиқмай чириб кетиши, турли касалликлар билан зарарланиши кузатилмоқда,- дейди Маматқул Жўраев. – Ана шу сабабли нўхат етиштирувчи фермерлар, шахсий томорқа эгаларига олимлар маслаҳатига қулоқ тутишни, республикамизда экишга рухсат этилган навларни танлашни тавсия этамиз. Қолаверса, бугун қишлоқ хўжалигида импортни эмас, балки ички бозорни тўлдириш, маҳсулотнинг ортиқчасини экспортга йўналтиришни кўзлаётган эканмиз, лалмикор ерларда ҳосилдорликни оширишга халақит бераётган муаммоларнинг барчаси тегишли идоралар томонидан тезкорлик билан бартараф этилиши зарур.

Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?