Мирзо Улуғбек ва Гринвич обсерваторияси: вақт ўлчови тарихи

12:58 20 Июнь 2025 Илм-фан
157 0

Лондоннинг жануби-шарқий қисмидаги Гринвич тумани Буюк Британия пойтахтининг нисбатан сокин ва кўркам мавзеларидан. Бу ҳудуд жаҳонга машҳур Гринвич обсерваторияси билан ҳам танилган.

Мазкур илмий муассаса инглиз қироли Карл II (1630 — 1685) ташаббуси билан 1675 йилда барпо этилган. Расадхонани тиклашдан асосий мақсад денгизчилар учун координатларни аниқ белгилаш бўлган.

Шунингдек, бу ҳудуддан дунёдаги нолинчи вақт меридиани ўтган бўлиб, 1885 йилда астроном Невиль Маскелайн томонидан “Гринвич вақти” тушунчаси истеъмолга киритилган. Шундан буён дунё бўйича вақт ўлчов тизими айнан Гринвич меридианига қиёсан ўлчанади. Масалан, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида GMT (Greenwich Mean Time) +5 кўринишида белгиланган. Демак, бизда вақт Гринвичга нисбатан 5 соат олдинроқ “юради”.

Хуллас, бутун дунё ўз соатларини Гринвичга қараб тўғрилайди. Дунё соатининг белгиланишига Гринвич обсерваторияси олимларининг илмий кузатишлари сабаб бўлган. Бу муассасанинг қурилишига эса Мирзо Улуғбек мактаби ҳамда унинг машҳур “Зижи жадиди Кўрагоний” асарининг ҳиссаси катта бўлган, десак, хато қилмаган бўламиз.

Бундай дейишимизга иккита рад этиб бўлмас далил бор. Улардан бири — Оксфорддаги Илм-фан тарихи музейида сақланаётган, Мирзо Улуғбек мактабига тегишли устурлоб, иккинчиси, шу шаҳардаги Бодлеан кутубхонасидан ўрин олган “Зижи жадиди Кўрагоний” қўлёзмасидир.

Гап шундаки, мазкур қўлёзма Мирзо Улуғбек ҳаётлигида кўчирилган. Форсийда битилган бу илмий асар ҳошиясидаги усмонли турк тилидаги қайдлар унинг маълум вақт усмонийлар даври кутубхонасида сақланганидан далолат беради. Катта эҳтимол билан қўлёзма 1473 йилда Мирзо Улуғбекнинг садоқатли шогирди Али Қушчи томонидан Самарқанддан Истанбулга олиб кетилган. Али Қушчи Фотиҳ Султон Меҳмет саройида фаолият кўрсатган, астрономия, математика, мантиқ, тилшунослик ва бошқа йўналишларда асарлар битган. У Самарқанддан кўплаб асарлар, расадхонада ишлатилган асбоб-ускуналарни, демакки, ушбу қўлёзмани ҳам ўзи билан Истанбулга олиб келган бўлиши мумкин.

Қўлёзма ҳошиясидан ўрин олган лотин тилидаги қайдлар эса инглиз олими Жон Гривз (1602 — 1652)га тегишли. Биз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси билан Оксфордга борганимизда бу қўлёзма билан ҳам танишдик. Бодлеан кутубхонаси Шарқ қўлёзмалари бўлими куратори Николас Контоваснинг айтишича, бу асарни Жон Гривз 1638 йилда Истанбулда қўлга киритган. Гривз ўша йилнинг апрелида усмонийлар пойтахтида инглиз савдогари ва консули Питер Уайт билан учрашади. Унинг кўмагида олим Али Қушчи Самарқанддан келтирган қўлёзмалар ва астрономик асбобларга ҳам эга бўлади ҳамда Лондонга қайтади. Улар орасида мисрлик олим Птоломейнинг “Алмагест” асари шарҳи — Абдураҳмон ас-Суфийнинг “Қўзғалмас юлдузлар тасвири ҳақида китоб” асари, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари, шарқона устурлоб ҳам бўлган.

Кейинчалик, Улуғбек саройида қайта кўчирилган, Ас-Суфийниг “Алмагест” асарига шарҳи номаълум сабабларга кўра Францияга бориб қолган ва айни пайтда Франция Миллий кутубхонасида сақланмоқда. Жон Гривз форс тилини жуда яхши билар, шу тилни ўрганиш бўйича қўлланма ҳам яратган. Шу боис у “Зижи Кўрагоний”ни пухта ўрганиб чиққан, ўз қайдларини китоб ҳошиясига битиб қолдирган. У ўзи билан олиб келган устурлоб ёрдамида осмон жисмлари ҳаракатини тадқиқ этган. Жон Гривз айни шу асарнинг биринчи қисмида келтирилган Шарқ тақвимлари билан танишади, Ернинг Қуёш атрофида айланиш вақтини ҳам пухта ўрганади.

Улуғбек асарида келтирилган йилнинг ўртача узунлигига асосланган тақвим Юлий Цезарь календарига нисбатан аниқ ва мукаммаллиги билан ажралиб турарди. Кейинчалик Улуғбек асари асосида у Европада амалда бўлган Юлиан календарини ислоҳ қилиб, янги тақвимни амалда жорий этиш бўйича ҳукуматга мурожаат қилади. Аммо Гривзнинг янги тақвимини жорий этиш масаласи Англияда фуқаролар уруши кетаётгани сабабли ортга сурилади ва фақат унинг ўлимидан бир аср ўтиб мамлакатда жорий этилади.

Гривз 1648 йили “Зижи Кўрагоний”даги 98 юлдузнинг жадвалини лотинда чоп этади. Ўша йилнинг ўзида “Зиж”даги географик жадвални ҳам нашр этади. 1650 йили эса у “Зиж”нинг биринчи қисмини лотинчага таржима қилади. Гривз умрининг сўнгги ойларида бу таржималарини қайта нашр қилишга ҳам улгуради. Бу асарлар ўша пайтда Оксфорд, Кембриж, Лондондаги университетлар, илмий марказларда атрофлича ўрганилади.

Жон Гривз 1652 йилда эллик ёшда вафот этади. У ўзининг Истанбулдан олиб келган қўлёзмалар ва ускуналарни Оксфорддаги Сэвил коллежига васият қилиб қолдиради. Кейинчалик оксфордлик олимлар бу асарлар ва ускуналардан фойдаланиб, астрономия бўйича янги изланишларни амалга оширади. Жумладан, Оксфорд университети профессори Томас Ҳайд (1636 — 1703) ҳам “Зиж”даги турғун юлдузлар жадвалини 1665 йили форсча ва лотинчада нашр этади.

Бу асарлар, албатта, Англияда астрономия фани ривожига катта туртки беради. 1675 йилда Роберт Гук, Жон Кристофер сингари Оксфордда таълим олган астроном олимлар Қирол Карл II буйруғига биноан Лондон яқинида расадхона қурилишига жалб этилади. Расадхона битгач, унга яна бир машҳур инглиз астрономи Жон Флемстид бош астроном этиб тайинланади. Дастлаб денгизчилар учун координатларни аниқлаш мақсадини кўзлаган расадхона айнан тадқиқотлар асосида нолинчи меридиан ўтгани аниқланган ҳудудда қурилади. Кейинчалик расадхонанинг асосий биносида аниқ вақтни белгилаш учун махсус соат ўрнатилади. Бу эса илм-фанда машҳур “Гринвич вақти” атамасига сабаб бўлади.

Хулоса шуки, бугун жаҳон миқёсида катта аҳамиятга эга бўлган ана шундай кашфиётлар, илмий истилоҳлар илдизи бевосита аждодларимизнинг ақл-заковатига бориб тақалади. Жумладан, Буюк Британияда астрономия соҳасида эришилган ютуқларда, янги тақвимдан то машҳур Гринвич вақти ва обсерваториясининг қурилишигача — барчасида Мирзо Улуғбекнинг муносиб улуши бор, десак, муболаға бўлмаса керак.

Рустам ЖАББОРОВ,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер