«Минтақанинг келажаги бугун қурилмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистон: сунъий интеллект даврида ҳамкорликнинг янги истиқболлари»

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонасида шу мавзуда “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистоннинг етакчи экспертлари, таҳлилчилари ва ОАВ вакиллари Қозоғистон Президенти Қ.Тоқаевнинг Қозоғистон халқига йўллаган “Сунъий интеллект даврида Қозоғистон: долзарб вазифалар ва уларни рақамли трансформация орқали ҳал қилиш” номли Мурожаатини муҳокама қилдилар. Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Элчиси Бейбит АТАМҚУЛОВ давра суҳбатида Президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг “Сунъий интеллект даврида Қозоғистон” Мурожаатидаги асосий ғояларни тақдим этди. У рақамлаштиришнинг стратегик аҳамиятини, Сунъий интеллект вазирлиги ташкил этилишини ва янги технологиялар – жумладан, рақамли тенге ҳамда суперкомпьютерлар ишга туширилишини таъкидлади. Айниқса, инвестиция сиёсати, саноат кооперацияси, энергетика ва транспорт инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратилиб, бу Қозоғистон–Ўзбекистон ҳамкорлигига янги имкониятлар очади. Элчи экология, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий сиёсат соҳаларида ҳамкорликнинг муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, Президентнинг бир палатали Парламентга ўтиш ташаббусига тўхталиб, бу қарор кенг жамоатчилик муҳокамаси ва референдум орқали қабул қилинишини таъкидлади. “Марказий Осиё интеграциянинг тарихий босқичини бошдан кечирмоқда. Айнан ҳозир минтақанинг умумий фаровонлиги ва барқарорлигининг пойдевори қўйилмоқда”, – дея хулоса қилди Элчи Бейбит Атамқулов.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари Дилором ФАЙЗИЕВА сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожи минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ахборот хавфсизлигини биргаликда таъминлаш учун янги уфқлар очаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон НEМАТОВ Қозоғистоннинг рақамли трансформация соҳасидаги ташаббуслари Марказий Осиёдаги интеграцион жараёнларнинг драйверига айланиши, ягона рақамли макон яратиш ва минтақа рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилишини қайд этди. Қозоғистоннинг рақамли стратегияларни ишлаб чиқиш ва сунъий интеллектни жорий этиш тажрибаси давлат ислоҳотларини такомиллаштириш ва бошқарув тизими самарадорлигини оширишда амалий қўлланма бўлиши мумкин.
Тадбир иштирокчилари Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳамда ҳукуматлари даражасидаги яқин алоқалар ва мунтазам ташрифлар икки биродар халқ ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга кучли туртки бераётганини алоҳида қайд этдилар. Давра суҳбати қатнашчилари Қозоғистон ва Ўзбекистон ягона маданий кодга эга яқин қўшнилар ва стратегик иттифоқчилар экани, уларнинг ҳамкорлиги ортиб бораётган тараққиётни кўрсатиб бераётганини таъкидлашди. Мурожаат Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари орасида ҳам катта қизиқиш уйғотиб, у нафақат Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиё ривожланишидаги муҳим жиҳатларни ёритиб берди.
Давра суҳбатининг якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳамкорликка интилиш фақат мустаҳкамланаётгани аён бўлди. Қозоғистон Президентининг Мурожаатида илгари сурилган ташаббуслар келажакнинг стратегик қарашларини намоён этади, улар ички ҳамда минтақавий ривожланиш жиҳатларини қамраб олади. Муҳокама икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш зарурлигини, умумий манфаатлар ва қадриятлар, шунингдек минтақадаги барқарорлик ва фаровонликка интилишни таъкидлади.
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг