Мендан кетгунча, эгасига етгунча...

15:43 25 Ноябрь 2025 Жамият
186 0

Яқинда Қўқон шаҳрининг “Туркистон” МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари фаоллиги туфайли ушбу ҳудуддаги Маҳрам кўчасида жойлашган ноқонуний қурилишнинг олди олинди. Гап шундаки, яқинда йилларда бу ерда 18 та кўп қаватли уйлар қад ростлади. Қурувчи-тадбиркорлар мазкур уйларга туташ бўш ҳудудни ҳам аукцион орқали ютиб олиб, маҳалла аҳлига нотинчлик келтирадиган яна бир қурилишни мақсад қилганди. Аммо бевосита Қўқон шаҳар ҳокимига мурожаат қилган маҳалладошлар ушбу иншоот қурилишини тўхтатишга муваффақ бўлишди.

—Ҳамма жой қурилиш майдонига айланиб, тоза ҳаво тўсилиши, дарахтлар кесилиши ва яшил ҳудудлар камайиб кетишига қаршимиз,—дейди “Туркистон” МФЙда яшовчи Зоҳиджон Ҳасанов.—Шу боис мазкур ерда байрам тадбирлари, тўй ва маъракаларни ўтказишга мўлжалланган маҳалла гузари бунёд этишни режалаштиряпмиз. Унинг атрофида кўкаламзорлаштирилган ҳудуд, анвойи гулзорлар ташкил этилади. Болалар майдончаси қуриб битказилиши ҳам кўзда тутилган.

Афсуски, сўнгги йилларда Фарғона вилояти маркази – Фарғона шаҳридан тортиб, барча туман-шаҳарлар маркази, маҳаллаларда кўп қаватли уйлар, аҳоли яшаш хонадонлари атрофидаги бўш майдонларда пала-партиш қурилган турар-жойлар, тадбиркорлик қилиш мақсадидаги бино-иншоотлар кўпайиб кетди. Янги биноларнинг кўпчилиги болалар, спорт майдончалари ҳамда дам олиш ва ҳордиқ масканлари ўрнида қурилгани янада ачинарлидир...

Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси мутахассислари томонидан биргина жорий йилнинг ўтган даврида қурилиш ишлари олиб борилаётган объектларда 23,5 минг маротаба мониторинглар ўтказилди. Натижада аниқланган камчиликлар бўйича 15,7 мингдан ортиқ бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.

Таъкидлаш жоизки, эндиликда қурилаётган ҳар бир объектга ҚР-кодли паспортларни ўрнатиш жорий этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар вилоятда 1212 та объектга ана шу каби кодли паспортлар ўрнатилиши таъминланди. Бу паспортлар орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддати, расмий ҳужжатлар ва экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имкони мавжуд.

Ўз навбатида инспекцияда қурилиш объектларини онлайн кузатиш учун операторлар штаби ташкил этилиб, давлат дастурлари асосида бунёд этилаётган ижтимоий соҳа объектларига ўрнатилган камералар мазкур штабга уланган. Бу ҳар бир жараённи онлайн кузатиб бориш имконини беради. Шунингдек, бино-иншоотларда сифат назоратини амалга оширишда инспекторлар боди камера ҳамда махсус планшетлар билан таъминланган.

—Шу йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 99-моддасига кўра, қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлари учун жисмоний ва юридик шахсларга 664 та ҳолатда – 6 миллиард 439 миллион сўмлик маъмурий чоралар қўлланди,—дейди инспекциянинг қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш бўлими мутахассиси Умиджон Узоқов.—Шу билан бирга, 222 та ҳолатда сифатсиз бажарилган ишлар аниқланиб, ўз вақтида бартараф этилишига эришилди.

Шунингдек, 171 та ҳолатда сифатсиз ва лойиҳадан четга чиққан ҳолда амалга оширилган қурилиш ишлари жойида буздириб ташланди. 284 та ҳолатда қурилиш-монтаж ишлари лойиҳа ҳамда меъёрий ҳужжатларга зид равишда бажарилгани аниқланиб, қурилиш жараёни вақтинча тўхтатилди. 184 та кўп квартирали уй-жойлар, 80 та ҳолатда ноқонуний ёки зилзилабардошсиз қурилган биноларга нисбатан судларга даво аризаси киритилди.

Юзга яқин ҳолатда эса лицензия ва рухсатномани тўхтатиш, мувофиқлик сертификатини бекор қилиш, техник ва муаллифлик назорати ходимларини объектдан четлаштириш учун тақдимномалар чиқарилди. Ўрганишлар якунида 24 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди.

Инспекциясининг қурилиш-синов лабораторияси ва бино-иншоотларнинг техник ҳолатини ўрганиш бўлими бошлиғи ўринбосари Дмитрий Соннинг қайд этишича, жорий йилнинг ўн ойида 650 га яқин қурилиш объектларида лаборатория синовлари амалга оширилди. Натижада 950 дан ортиқ синов баённомалари расмийлаштирилди, уларнинг 81 тасида салбий ҳолатлар аниқлангани қайд этилган.

Лаборатория ходимлари жаҳон андозаларига мос 124 та замонавий ускуналар билан таъминланган бўлиб, бу янги қурилаётган бино-иншоотларда 50 хилга яқин синовларни ўтказиш имконини бермоқда. Мутахассислар мунтазам равишда тажриба ошириб бориши учун ҳам барча шароитлар яратилгани эътиборга сазовордир.

Айни йўналишда Фарғона вилоятида қурилиш соҳасида “Шаффоф қурилиш”, рақамлаштириш тамойилларини тўлиқ жорий этиш устувор вазифалар сирасига киритилган. Бу қурилиш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳамда коррупциянинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?