Меҳмонхона бизнесини ҳозир қўллаб-қувватламасак, унда буни қачон қиламиз?

20:48 21 Июль 2020 Сиёсат
1741 0

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасига меҳмонхоналардан фойдаланиш тўғрисида янги, 24-модда киритилган.

Ҳукумат томонидан киритилган таҳрирга кўра ушбу модда билан «Меҳмонхоналарнинг мулкдорлари ҳаракатланадиган аравачадан фойдаланадиган ногирон шахслар учун умумий хона фондининг камида битта хонасини жиҳозлашлари, шунингдек, эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг тегишли эҳтиёжларини эълон қилиш учун дисплей ва овозли қурилмалар билан таъминлашлари шарт»лиги белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишга тайёрланган таҳририда модда номи меҳмонхона хоналарининг қулайлиги деб ўзгартирилган, аммо унинг мазмуни ўзгаришсиз қолдирилиб, ушбу талаб барча турдаги меҳмонхоналар учун мажбурий бўлиб қолмоқда.

Амалдаги туризм хизматлари, меҳмонхона ва ўхшаш жойлаштириш воситалари, шунингдек, таснифлаш тизими бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти (OʼzDST 3296:2018)га мувофиқ «Тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналарда умумий хоналар фондининг бир фоизи, бироқ камида битта хонаси ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозланган бўлиши шарт»лиги белгилаб қўйилган.

Яъни бир, икки ва уч юлдузли меҳмонхоналар учун бу талаб тегишли эмас. Лекин, таклиф этилаётган моддада ушбу тоифадаги меҳмонхоналар мулкдорлари олдига қўйилаётган талаб улар фаолиятига мавжуд ўринлар сонидан келиб чиқиб, шунингдек, вақт ва маблағ нуқтаи назаридан қанчалик жиддий таъсир қилиши инобатга олинмаган.

Давлат стандарти (OʼzDST 3220:2017)га мувофиқ меҳмонхоналар 15 та номергача мини меҳмонхона, 16-50 номерлилари кичик меҳмонхона, 51-200 номерлилари ўртача ва 200 номердан юқориси йирик меҳмонхоналар тоифасига ажратилган. Таклиф этилаётган модда айнан 50 ўрингача бўлган кичик меҳмонхоналарни реконструкция қилишда улар фаолиятида турли мураккабликлар пайдо бўлишига олиб келади.

«Инсонларнинг ҳаёти ва фаолияти муҳитини ногиронлар эҳтиёжлари ва аҳолининг кам ҳаракатланувчи гуруҳларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш» тўғрисидаги 2.07.02-07 Шаҳарсозлик норма қоидаларига кўра ногиронлар ва қариялар тураржойлари шаҳарсозликнинг 2.08.01 меъёрига мувофиқ лойиҳаланиши керак.

Жумладан, меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган хоналар имкон қадар биринчи қаватда бўлиши, эвакуация чиқиш жойигача бўлган масофа 50 м дан ошмаслиги, бино ёки комплекс таркибидаги ижтимоий хизматлар, ташрифхоналарга етиб боришнинг қулайлигини таъминлаши (ногиронлар талабига жавоб берувчи жиҳозларнинг қўлланилишини ҳисобга олган ҳолда) керак.

Тураржойларни лойиҳалашда курси-аравачадаги ногиронларнинг талаблари билан бир қаторда кўриш ва эшитиш қобилияти заиф ногиронларнинг ҳам талаблари ҳисобга олиниб, маълумот сигнализацияларининг турли мосламалари (товушли ёки чироқли)ни қўллаш назарда тутилиши керак.

Курси-аравачадаги бир ногирон яшаши учун тураржой майдони 14 квадрат метрдан кам бўлмаслиги (бу оддий номерларга нисбатан 2-5 метр квадратга кўп), икки киши, шунингдек, бири ногирон бўлса, 16 квадрат метрдан кам бўлмаслиги, курси-аравачадаги икки ногирон учун 18-20 квадрат метр бўлиши назарда тутилади.

Тураржойнинг киравериши курси-аравачаларни қўйиш (сақлаш) учун кенглиги 1,6 м дан, кириш қисмининг майдончаси эса 4 квадрат метрдан кам бўлмаслиги лозим.

Кўриниб турибдики, шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мувофиқ реконструкция қилиб, хоналарни қайта тайёрлаш учун маблағ ва вақт талаб этиладиган бир қанча талабларни бажариш шарт. Қолаверса, жиҳозлар номи ва хусусиятлари ҳам амалдаги шаҳарсозлик меъёрларида аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга бўшлиқда ўз вақтида мўлжал олишни таъминлайдиган ва ҳаракат хавфсизлигига ёрдам берадиган ёки бирор бир хизматларни олиш имконияти ҳақидаги ахборот ташувчилар тўплами, ахборотнинг тактил (кўрлар томонидан сезги орқали қабул қилинадиган) воситалари, тифлотехника воситалари – диктофон, брайл шрифтли клавиатура, текстофон - эшитиш қобилиятида нуқсони борлар учун ахборотни экранда тасвирлаш учун клавиатура ва дисплей билан таъминланган аппаратлар билан таъминланган бўлиши шарт.

Ушбу жиҳоз ва қурилмалар ҳамда уларни ўрнатиш, эксплуатация қилиш ҳам албатта, муайян маблағга бориб тақалади.

Афсуски, мазкур талабларнинг ҳозирги пандемия шароитида энг кўп зарар кўраётган меҳмонхона бизнеси билан шуғулланадиган кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қанчалик таъсир кўрсатиши ҳеч кимни қизиқтирмаяпти.

Янги қурилаётган ва лойиҳалаштирилаётган меҳмонхоналарда ушбу талаб албатта инобатга олинади, лекин, айни пайтда фаолият кўрсатмаётган шунингдек, пандемия сабабли ўзгараётган дунёнинг иқтисодий манзарасида меҳмонхоналар, айниқса, кичик меҳмонхоналарга бу талаб оғирлик қилиши аниқ.

Юқоридагилардан келиб чиқиб берилган бир нечта таклифларнинг инобатга олинмаганлиги, энг қизиғи, уларни инкор этадиган асос ёки далилларнинг келтирилмаётганлиги таажжубланарли ҳолдир. Шунингдек, таклиф этилаётган моддада ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган, эшитиш ёки кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароит яратиш масаласи қўйилган.

Яна бир савол: Уч тоифадаги ногиронлиги бўлган шахслар учун битта хонанинг жиҳозланиши мажбурийлиги белгилаб қўйилиши ҳам мантиққа зид эмасми? Эҳтимоли кам бўлса-да (ҳар ҳолда йўқ эмас) битта хона билан бир вақтда уч тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларга қандай хизмат кўрсатиш мумкин? Қолаверса, эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик яратиш ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик яратишга қараганда бино ёки хонани реконструкция қилиш, хона майдонини кенгайтириш талаб этилмаслигини инобатга олсак, ҳар уч тоифа учун алоҳида-алоҳида хоналарни жиҳозлаш меҳмонхона мулкдорларига қулай ва арзон тушиши мумкин.

Хуллас ушбу моддани юқорида келтирилган қатор фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, давлат стандартлари ҳамда шаҳарсозлик қоидаларига асосланган ҳолда, шунингдек бугунги пандемия ва унинг асоратларини ҳисобга олиб такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда қонунчиликда ишламайдиган, моҳиятига кўра коррупцияга шароит яратадиган, жарима ва ортиқча харажатларга олиб келадиган яна битта нормага йўл очиб берилади.

Ботир МАРДАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер