Маънавиятсиз маданиятнинг пуч ёнғоқдан фарқи йўқ

10:46 04 Ноябрь 2020 Жамият
2266 0

Бугун маънавият ҳақида, унинг маъно-мазмуни, ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кўп ва хўп гапирамиз. Лекин негадир аксарият ҳолларда кўпчилик маънавият ўзи нима, деган саволга аниқ ва лўнда жавоб беришга қийналади. Ваҳолонки, «маънавият» ва «маданият» сўзларига ҳар қадамда дуч келамиз.

Жамиятдаги маънавият ва маданият атамалари ўзаро боғлиқ тушунчалар бўлиб, уларнинг бирини иккинчисидан айрича қабул қилиш тўғри бўлавермайди. Инсоннинг жамиятдаги ўрни ҳам унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади. Зеро, маънавият ҳар қандай давр, ҳар қандай жамиятда ҳам инсониятнинг бирламчи ва асосий эҳтиёжи бўлиб келади, унга ҳамиша зарурат сезилади.

Тан олиш керак, ёшлар маънавиятини турли маданий ва маърифий тадбирлар ўтказиш билан ўстириб бўлмайди. Ота мерос анъаналарни, қадриятларни ёшлар қалбига сингдириш катта авлоднинг вазифаси. Шу боис, оилада ота-онанинг, таълим муассасаларида ўқитувчининг ҳар бир қадами ёшлар учун ибрат, маънавий тарғибот бўлиши керак. Бунинг учун аввало, ёшларга тарбия берадиган катталарнинг ўзи маърифатли бўлиши лозим.

Бола асосий тарбияни оилада олгани учун у ота-онаси қилган ишни қилади ёки улар айтганини қайтаради. Ҳар бир оилада ўзгача тарбия мавжуд бўлгани сабабли болаларнинг тарбияси ҳам бир-бириникига ўхшамайди. Аммо ҳамма ота-она, ўқитувчилар ҳам ёшларга ўрнак бўларли маънавиятга эга, деб айтиш қийин.

Ахир уйда ота-онасининг китоб ўқиганини кўрмаган, ўқитувчисининг адолатсизлигини кўриб вояга етаётган ёш йигит-қиз маънавиятни кимдан ўрганади?! Айни пайтда маънавий тарғибот ишларида ёшларга эътибор қаратиляптию, лекин уларнинг тарбияси билан доимий шуғулланиши керак бўлган катталар бу ишлардан четда қолиб кетаётгандек, гўё.

Кино – санъатми, ёки бизнес?!

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида маданият ходимлари ҳамиша жамиятнинг энг олдинги сафларида бўлиши, ўз позицияси билан одамларни эзгу мақсад ва марралар сари бошлаши керак. Тўғри, санъаткорларимиз ўртасида замон билан ҳамнафас ижод қилиб, бошқаларга ўрнак ва намуна кўрсатаётган фидойилари кўп.

Аммо бугунги кунда маданият соҳасида тижоратлашув, шахсий манфаатнинг биринчи ўринга чиқаётгани киши дилини хира қилади. Кўпчилик санъаткорлар масъулиятни унутиб, ўз устида ишламай қўйган. Шу сабабли бугун телевидение орқали берилаётган баъзи клип ва киноларни оила даврасида томоша қилиб бўлмайди. Очиқ-сочиқ кийинган ёшларни кўриб, наҳотки шулар ҳам ўзбек қизлари, йигитлари бўлса, деб ўйлаб қоласан киши.

Фикримизча, бу ҳозирги вақтда маданият ва санъат муассасаларида фаолият юритаётган кадрларнинг аксарияти олий маълумотга эга эмаслигидан. Шу жиҳатдан улар телеэкранда ҳам, саҳнада ҳам иболи, ҳаёли, ҳақиқий ўзбек қизининг қиёфасини, чинакам образини яратиб беролмайди. Юриш-туриши, кийиниш маданияти, муомаласи билан бошқаларга, энг аввало, ёшларимизга ўрнак бўлолмаяпти.

Нима улар одамлар кўряптику, томошабин кулса бўлдида, дея бачкана мавзулардаги киноларни олаверадими, маъно-мазмун йўқ тутуриқсиз сўзларни тизиб, қўшиқ қилиб куйлайверадими? Нима уларни ҳеч бир ташкилот ёки идора назорат қилмайдими? Бундай ҳолатлар яна қачонгача давом этаверади? Ахир бугунги давр одамларнинг кўзини очадиган, мудраган қалбларни уйғотадиган, ҳаётга, Ватанга муҳаббатини оширадиган киноларни, қўшиқларни яратишни тақозо этмоқдаку!

Агар «оммавий маданият» таҳдиди фақат четдан – Ғарбдан кириб келяпди, десак, янглишамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Сабаби юртимизда суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатиб, соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам шундай хулосага келиши табиий. Таассуфки, таниқли санъаткорлар ҳам мана шундай киноларда турли бачкана ролларни ижро этмоқда.

«Ўзингга ярашмаган ишни қилма»

Халқимизда ўзингга ярашмаган ишни қилма, деган ибора бор. Сабаби ўзига ярашмаган ишни қилган одам уятга, маломатга қолади. Айни пайтда тўйларимизда урфга айланиб улгурган «оммавий маданият» кўринишидаги аллақандай қилиқлар миллий қадриятларимизга ёт, ўзлигимизга ярашмайдиган бемаъни хатти-ҳаракатлар, холос.

Тўғри, тўйлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олиш борасида ўтган йиллар давомида кўпгина тадбирлар, тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим шахслар одамларнинг ғашига тегадиган даражада тўй ва маросимларни меъёридан ошириб юборишаётгани ҳам бор гап. Минг афсуски, улар маҳалла билан ҳисоблашмай қўйишди.

Ахир «тўй қиламан», деб қимматли умрини пул йиғиш билан ўтказиш ўрнига фарзандларининг билим олиши учун шароит яратса, оиласида кутубхона ташкил этса яхши эмасми?! Рус адиби Антон Чеховнинг «Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман» деган сўзларида ҳам адабиёт китобларидан олган тарбиясини назарда тутган бўлса, ажабмас. Боиси ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлади.

Президентимиз 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталиб, ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаган эди.

Бугун давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу амалий ташаббус энг аввало, ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилаётир. Зеро, маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг бирдан бир йўли бу китоб мутолааси ҳисобланади. Бошқача айтганда, инсон камолоти ва билимининг манбаи китоб билан боғлиқ.

Боланинг маънавий тарбиясидан ота-она қанчалик манфаатдор бўлса, давлат ҳам улардан кам фойда кўрмайди. Фақат ота-она ўз фарзандини ўйласа, давлат учун барча бола азиз ва уларнинг маънавий баркамол бўлиб вояга етишини истайди. Зеро, бугун маънавиятни ўрганган болалар эртага улғайиб, маънавиятли жамиятни барпо этишади.

Хулоса шуки, маънавиятсиз маданият пуч ёнғоқ, сунъий маданият бўлиб қолади. Шундай экан, бугун юртимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш йўлида изчил ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда, маънавиятсизликка интилишга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Нодир АБДУВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?