Маломат эмас, даъват

09:31 30 Сентябр 2025 Сиёсат
292 0

Қалбни силкитадиган сатрлар борки, уларни ўқиган заҳоти инсон ўзини нафақат ўқувчи, балки фикрда ҳамсафар, қалбда ҳамдард сифатида ҳис қилади. “Аламим бор...” номли таҳлилий мақолада муаллиф нафақат тарихга назар ташламоқда, балки бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг маънавий-руҳий асосларини, давлат раҳбарининг тафаккури ва мақсадларини қалбан англашга интилади.

Бу мақолада алам — маломат эмас, балки маърифий уйғониш, руҳий ҳушёрлик, миллий фахр ва тарихий адолат учун даъватдир. Бу алам — халқнинг дунёда тутган ўрни қадрланмаганидан, аждодлар меросининг кўп йиллар забун ва беэътибор қолганидан, ёш авлоднинг ўз ўтмишини англашда иккиланиши мумкинлигидан туғилган аламдир. Аммо бу алам — фақат ўтмишга назар билан чекланмайди. У келажакка ишонч, миллий руҳнинг уйғониши, янги ривожланиш босқичига кўтарилиш учун ички захира, маънавий куч сифатида тақдим этилади.

Муаллиф мақолада жуда сезгир, ўта мураккаб масалаларни эҳтиром ва масъулият билан ёритган. Хусусан, Шавкат Мирзиёев шахсияти орқали мамлакатдаги сиёсий-мафкуравий ўзгаришлар, тарихга муносабатдаги бурилишлар, учинчи Ренессанс Қоясининг моҳияти ҳақида билдирилган фикрлар ўта теран ва далиллидир. Мақолада келтирилган Президент сўзлари бугунги сиёсатнинг нафақат иқтисодий ва ижтимоий, балки маънавий ва маданий юзини ҳам яққол намоён қилади.

Айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази барпо қилиниши орқали миллий ўзликни, маънавий меросни тиклашга бўлган улуғвор ҳаракат — бугунги куннинг глобал моҳиятга эга тарихий воқелиги баён этилади. Бу фақат архитектура эмас, балки ғоявий ва маърифий инқилобдир. Бу ҳақда муаллифнинг юракдан чиққан сўзлари ўқувчини ҳам ўзи билан бирга ўша руҳий сафарга бошлайди.

Ҳар бир халқ тарихида унутилмас дардлар, тилаклар, ўзлигини топиш сари уринишлар бўлади. Аммо камдан-кам миллатгина ана шу уринишни мазмунли ислоҳотга, ғоявий ҳаракатга, ривожга айлантира олади. “Аламим бор...” — ана шундай ҳаракатнинг маънавий манифестидир.

Муаллиф тарихга нафақат маълумот сифатида, балки халқнинг руҳий асоси, манбаи сифатида қарайди. Бу — жонкуярлик ва ватанпарварликнинг аниқ белгиси. Аслида, “Аламим бор” сўзи тақдирга шикоят эмас, балки миллат тақдирига бефарқ бўлмаган қалбнинг сўзидир.

Сиёсатшунос олим тарихий ҳақиқатларга суянган ҳолда маданий инфратузилмани тиклашни маънавий озодлик, деб баҳолайди. Бунда “Ўтмишни унутган келажак қуролмайди” деган ғоя мужассам.

Аждодлар меросига муносабат

Айтиш жоизки, муаллиф тарихий шахслар — Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Амир Темур каби буюк аждодларимизнинг бой маънавий ҳамда илмий мероси, дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини эслатиб, бу меросга бўлган бефарқликдан ёзғиради. Бу, ўз навбатида, маънавий сусткашлик, илмий тан олинмаслик, ўзликни унутиш каби жиддий оқибатларга олиб келишини ҳам моҳирона очиб беролган.

“Ўзбек” деганда фақат пахта, ош ва дўппи хаёлига келмаслиги керак, дейилиши эса айнан шу иллатнинг оғриқли таҳлилидир.

Бундан ташқари, мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг маънавият, тарих ва маданиятга алоқадор фикрлари асосида унинг сиёсати шунчаки популизм эмас, балки миллий ва умуминсоний қадриятларимизга суянган стратегик йўналиш эканлиги далиллар асосида исбот қилинган. Дарҳақиқат, учинчи Ренессанс ғояси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси, ўтмишни тиклаш орқали янги тафаккурга йўл очиш — бу фикрларнинг барчаси маънавий мустақилликка интилишни англатади.

Муаллиф Альбер Камю, Фредерик Стар, Пол Уордсворт каби муаллифлар фикри орқали Ғарбнинг ҳам бу минтақа тарихи ва интеллектуал базасига жиддий эътибор қаратганини кўрсатиб беради. Бу — нафақат миллий, балки глобал нуқтаи назардан ҳам Ўзбекистон тарихий салоҳиятини очишга хизмат қилади. “Марказий Осиё фақат йўл эмас — у цивилизация маркази бўлган” деган қарашни илгари суради.

Муҳим хулосалар ва сабоқлар

Тарихни билиш — келажакни англаш, дегани. Шу маънода, муаллиф сўзининг охирида “афсоналар ўлмасин”, “тарих яна тирикликка қайтсин” деган фикрни илгари суради. Бу — миллий ғурурни уйғотиш, ўзликни англаш ва мустақил фикрли авлод етиштириш йўлида зарур чақириқдир.

Ҳақ гап шуки, ўз тарихингни ўзинг гапирмасанг, бошқалар ўзича ёзади. Беруний, Ибн Сино, Хоразмийларнинг араб ё форс дейилаётгани — бизнинг сукутимиз оқибатидир, деган фикр бугунги ахборот майдонида ўз ўрнимизни белгилаш кераклигини яна бир бор эслатади.

Яна бир ҳақиқат, маданиятсиз тараққиёт бўлмайди. Иқтисодий ютуқлар қай даражада бўлмасин, агар маънавий тафаккур юксалмаса, ривожланиш мукаммал бўлмайди. Бу мақоланинг асосий ғояси.

Умуман, ушбу мақола нафақат таҳлил, балки мафкуравий ҳаракатга чақириқдир. Муаллиф тарих орқали миллатни руҳан уйғотиш, ўтмишни тиклаш орқали келажакка ишонч уйғотишга уринган. Мақоладаги “алам” — муҳаббатдан келган. Унда ҳақорат ёки нафрат йўқ, балки масъулият ва миллий ғурурни уйғотишга чақириқ бор. Бу таҳлил — тарғибот ёки сиёсий мақола эмас. Бу — қалб сўзи, миллат қайғуси ва умидлар мужассам бўлган мустаҳкам фикрий асосга эга нутқий асар. У ҳар бир ўзбек ўқиши ва мулоҳаза қилиши керак бўлган, миллий ўзлик ҳамда келажак ҳақидаги очиқ ва самимий мулоҳазалар мажмуидир.

Бундай кенг қамровли ва чуқур таҳлилга эга мақолаларни оммага етказиш, ёшлар орасида миллий ўзликни англашга катта ёрдам бериши билан аҳамиятлидир.

Шуҳрат БОЙМУРОДОВ,

Тошкент давлат тиббиёт университети ректори,

тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?