Махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизими соддалаштирилмоқда

10:32 21 Сентябр 2024 Сиёсат
342 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Сенатнинг эллик еттинчи ялпи мажлисида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда кичик тадбиркорликни ривожлантириш, унга ҳар томонлама кенг имкониятлар яратиш ва бу йўналишда инвестицияларни жалб этишга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Мазкур Қонун билан “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонунга махсус иқтисодий зоналарнинг маъмурий кенгашлари тугатилгач, уларнинг вазифалари махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига ҳамда ягона дирекцияларга юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режалари ёки техник-иқтисодий асосларига экспертиза хулосалари олиш талаби бекор қилинмоқда. Лойиҳаларнинг ушбу Қонунда белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисида хулоса махсус иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан мустақил равишда қабул қилиниши белгиланмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини соддалаштиришга, инвестициялар жалб қилиш учун шарт-шароитларни яхшилашга, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишни таъминлашга, шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?