Маҳаллийлаштириш самараси

14:29 24 Февраль 2026 Жамият
248 0

Урганч шаҳридаги “UzXCMG” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида бугунги кунда ғилдиракли ва занжирли экскаваторлар, грейдерлар ва бошқа 50 хил турдаги қудратли техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Илгари мамлакатимизда қурилиш ва сув хўжалиги тизимлари учун ўта зарур бўлган бундай техника воситалари Хитойдан валюта эвазига келтирилар, эҳтиёт қисмлар таъминоти ва сервис хизмати кўрсатишда муайян қийинчиликлар мавжуд эди. Корхонада ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши бундай муаммоларга ечим топиш баробарида, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида самарали амалга ошириш имконини бермоқда.

-Корхонамизда шу кунгача 1970 дона махсус техника, жумладан, экскаваторлар, бульдозерлар, асфальт зичловчи катоклар, юк ортгичлар, автогрейдер, йўл фрезаси ишлаб чиқарилди, — дейди корхона бош муҳандиси Умид Исмоилов. — Барча техникалар халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Хитойнинг XCMG корпорациясидан янги йиғув линияси ва ускуналарини олиб келиб ўрнатилиши натижасида корхонада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоиздан ошди. Бу эса ишлаб чиқарилаётган техника воситаларининг таннархи пасайишига, рақобатбардошлигини таъминлашга, қўшимча иш ўринлари яратиш, импортни камайтириш орқали валюта ресурсларини тежашга имкон бермоқда.

Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу корхона маҳсулотларига нафақат ички бозорда, балки қўшни мамлакатларда ҳам талаб катта. Шу боис яна янги турдаги техника воситалари ишлаб чиқариш, экспорт имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари кўриляпти.

Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи“.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?