Маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги ривожланмоқда

12:20 19 Март 2026 Жамият
195 0

Тойлоқ туманининг Бунёдкор маҳалласида яшовчи Салима Баҳронова гулчилик билан шуғулланиб, тадбиркорлик йўлини танлаган аёллардан бири. У гулга бўлган меҳрини касбга айлантириб, бугунги кунда маҳаллада намуна бўлаётган тадбиркорлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Салима Баҳронова яқинларининг тавсияси ва қўллаб-қувватлаши билан 20 сотих ер майдонида замонавий иссиқхона ташкил этди. Дастлаб кичик ҳажмда бошланган иш бугун тобора кенгайиб, сердаромад фаолиятга айланиб бормоқда. Иссиқхонада турли хил хона гуллари етиштирилиб, уларнинг парваришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбиркор бугунги кунда 10 дан ортиқ турдаги хона гулларини етиштириб, уларни бозорга таклиф қилмоқда. Ҳар бир гулнинг ўсиш шароити, суғориш, ўғитлаш ва парвариш жараёнлари синчковлик билан олиб борилади. Чунки сифатли маҳсулот етиштириш учун сабр, меҳр ва меҳнат зарур.

Айни пайтда иссиқхонада 60 минг дона герань хона ўсимлиги парвариш қилиниб, бозорга чиқаришга тайёр ҳолатга келтирилган. Бу эса Салима Баҳронованинг меҳнати ва изланишлари самарасидир. Герань гуллари ўзининг чиройли кўриниши, ранг-баранглиги ва хона шароитига мослиги билан харидорлар орасида талабгир ҳисобланади.

Иссиқхонада ишлар фақатгина Салима Баҳронованинг ўзи билан чекланиб қолмайди. Унга яқинлари — укаси, отаси ҳамда келини ҳам ёрдам бериб, биргаликда меҳнат қилишмоқда. Оила аъзоларининг ҳамжиҳатлиги ва бир-бирини қўллаб-қувватлаши натижасида иссиқхонадаги ишлар самарали ташкил этилган. Бу эса нафақат оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, балки оила даромадини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Салима Баҳронова келгусида иссиқхона фаолиятини янада кенгайтириб, гул турларини кўпайтириш, янги навларни етиштиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, маҳаллада гулчиликни ривожлантириш орқали яна бир қанча фуқароларни иш билан таъминлаш ниятида.

Дарҳақиқат, гулга бўлган меҳр, тинимсиз меҳнат ва қатъият ҳар қандай инсонни муваффақият сари етаклайди. Салима Баҳронованинг фаолияти эса бунёдкорлик, меҳнатсеварлик ва тадбиркорликнинг ёрқин намунасидир.

Туманнинг Чароғбон маҳалласидаги «ГЛАМУР» гўзаллик салони раҳбари, тадбиркор Шаҳзода Тошпўлатованинг ҳам меҳнат фаолияти алоҳида эътирофга лойиқ. Айни пайтда у 30 га яқин шогирдлари билан туман хотин-қизларига турли хизматларни кўрсатиб келмоқда.

Тадбиркор Нурия Сафоева эса 30 турдан ортиқ ширинлик маҳсулотларини ишлаб чиқариб, аҳолига таклиф этиб келмоқда.

— Бугунги кунда цехимизда 8 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган, — дейди Нурия Сафоева. — Шу вақтга қадар 50 дан ортиқ шогирдлар тайёрлаб, уларнинг мустақил фаолият бошлашига кўмаклашдик.

Қувонарлиси, туманда бугунги кунда амалга оширилаётган бундай ташаббуслар туфайли кўплаб маҳаллалар камбағалликдан ҳоли ҳудудга айланмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?