Лондондан Тошкентгача: нодир тарихий экспонатларни Ўзбекистонга қайтариш имкониятлари муҳокама қилинди
Лондонда сақланаётган тарихий ёдгорликларни Ўзбекистонга қайтариш масаласи навбатдаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда муҳокама этилди. Йиғилишда хорижий, жумладан, Буюк Британиядаги хусусий коллекцияларда сақланаётган миллий маданий меросимизни юртимизга қайтариш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Таъкидланишича, Лондондаги бир қатор арт-дилерлар коллекцияларида Сомонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Қорахонийлар, Темурийлар ва Ўзбек хонликлари даврига мансуб юксак тарихий қимматга эга осори атиқалар сақланмоқда. Академик Акбар Ҳакимов мазкур экспонатлар ҳақида батафсил маълумот бериб, уларнинг юртимизга олиб келиниши Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш билан бирга, мамлакатимизнинг тарихий қимматини тиклашга хизмат қилишини таъкидлади.
Хусусан, Лондондаги Довуд Шоҳ коллекциясида Салжуқийлар сулоласи вакили Абу Мансур ибн Сабуктекинга тегишли бўлган кумуш патнис сақланаётгани маълум қилинди. У Марказий Осиё ва Эрон тарихида катта ўрин тутган, Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг укаси сифатида таниқли сиёсий арбоб саналади. Мазкур ёдгорликлар нафақат моддий бойлик, балки илмий ва маънавий аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Йиғилишда мазкур осори атиқаларни юртимизга қайтариш бўйича зарур чоралар кўриш ҳамда имкони борича уларнинг рақамлаштирилган нусхаларини Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намоён этиш ташаббуси илгари сурилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитиш мақсадида 2025 йил 25 апрелдан 2 майгача Буюк Британияга хизмат сафари ташкил этилган. Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси дунёда машҳур “Sotheby's” ва “Christie's” аукционларида иштирок этиб, Исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда хонликлар даврига тегишли 46 та нодир осори атиқаларни марказ учун саралаб олган эди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар миллий маданий меросимизни сақлаш, тиклаш ва келажак авлодларга етказишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг