«Ливерпуль»дан ниҳоят ғалаба, «Реал Мадрид» марказий баҳс ғолиби

10:09 23 Октябр 2025 Спорт
236 0

Кеча, 22 октябрь куни УЕФА Чемпионлар Лигаси мусобақасининг 3-тур ўйинлари якунланди. Кун доирасида бир қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. Ушбу баҳсларга тўхталиб ўтамиз.

Марказий ўйин

Куннинг марказий ўйини Испания пойтахтида жойлашган «Сантьяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтди. Унда «Реал Мадрид» жамоаси ўз майдонида Италиянинг «Ювентус» жамоасини қабул қилди.

Таʼкидлаш керакки, «мадридликлар» Чемпионлар Лигасидаги олдинги 2 ўйинда «Марсель» ва «Қайрат»ни мағлуб этган ва турнир жадвалида юқори саккизталикда боришарди. Бу гал ҳам омад Хаби Алонсо жамоасига кулиб боқди.

Ушбу ўйин олдидан «Реал Мадрид» ҳимоясида жиддий муаммолар бор эди. Рюдигер, Алаба, Карвахаль, Хёйсен ва Трент Александр-Арнольд жароҳат сабаб сафдан чиққан эди.

Шу боис Хаби Алонсо асосий таркибда жиддий ўзгаришлар қилди. Ҳимоя марказидан Милитао ва Асенсио ўрин олган бўлса, чап қанотда Каррерас, ўнг қанотда эса ярим ҳимоячи Федерико Валверде ҳаракат қилди. Алонсо севимли шогирдига айланиб бораётган Арда Гулерни ҳам асосий таркибда майдонга туширди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Жамоалар танаффусга 0:0 ҳисобида чиқишди.

Иккинчи бўлимнинг 57-дақиқасида Жуд Беллингҳем ҳисобни очди. Шу натижа учрашув охирига қадар сақланиб қолди.

«Реал Мадрид» — «Ювентус» 1:0

Гол: Беллингҳем (58).

«Реал»: Куртуа, Валверде, Асенсио (Гонсало Гарсия, 88), Милитао, Каррерас, Чуамени, Беллингҳем, Гулер (Камавинга, 74), Диас (Мастантуоно, 84), Винисиус (Фран Гарсия, 84), Мбаппе.

«Ювентус»: Ди Грегорио, Ругани, Гатти, Келли, Калула, Тюрам (Консейсау, 62), Маккенни, Камбиязо (Костич, 88), Копмейнерс (Локателли, 74), Йилдиз (Опенда, 74), Влахович (Дэвид, 74).

Огоҳлантириш: Диас (61).

«Ливерпуль» ғалаба қозонди

Мавсумни жуда яхши кайфиятда бошлаган «Ливерпуль» жамоаси сўнгги ўйинларда омади юришмади. Жамоа охирги 4 та ўйинда «Галатасарой», «Кристал Пэлас», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»га мағлуб бўлди. Бунинг натижасида Арне Слот бошчилигидаги жамоа АПЛ пешқадамлигини бой берди. Шунингдек, УЕФА Чемпионлар Лигасида ҳам кучли саккизталикдан чиқиб кетган эди.

Мавсум олдидан «Ливерпуль» икки та кучли ҳужумчи билан шартнома имзолади — бири Экитике, бири Иcак. Кўпчиликнинг фикрича, Иcак асосий ҳужумчи бўлиши, Экитике эса захирада қолиши керак эди. Аммо «Айнтрахт»га қарши ўйинда Слот ҳар икки футболчини ҳам асосий таркибда майдонга туширди. Бу қарор жамоа учун ижобий натижа берди.

Учрашувда ҳисоб 26-дақиқада мезбонлар томонидан очилди. Марио Гётзенинг узатмасидан сўнг Русмус Кристенсен «Ливерпуль» дарвозасига гол урди.

35-дақиқада Ҳуго Экитике ҳисобни тенглаштирди. Орадан 4 дақиқа ўтиб, Ван Дейк жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Тайм сўнггида Доминик Собослаи ҳисобни 1:3 кўринишига олиб келди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 66-дақиқасида Гакпо «Ливерпуль»нинг тўртинчи голини киритди. Якуний голни уриш шарафи ҳам Доминикка насиб этди. Венгриялик футболчи 70-дақиқада ўйиндаги дублини нишонлади. Шу тариқа баҳс 1:5 ҳисобида «мерсисайдликлар» ғалабаси билан якунланди.

«Айнтрахт» — «Ливерпуль» 1:5

Голлар: Кристенсен (26) — Экитике (35), Ван Дейк (39), Конате (44), Гакпо (66), Собослаи (70).

«Айнтрахт»: Цеттерер, Кристенсен (Коллинз, 59), Аменда, Кох, Теате, Гётце (Узун, 64), Ларссон, Кнауфф (Схири, 76), Доан (Фарес, 64), Браун, Баҳоя (Буркардт, 59).

«Ливерпуль»: Мамардашвили, Ван Дейк, Конате (Гомес, 74), Виртц, Собослаи, Иcак (Кьеза, 46), Жонс, Гакпо (Мак Аллистер, 73), Экитике (Салоҳ, 73), Робертсон, Фримпонг (Брэдли, 19).

Огоҳлантиришлар: Доан (52), Аменда (54).

«Челси»дан йирик ғалаба

Нидерландия жамоалари учун тур сал ғалатироқ ўтди. «ПСВ» клуби «Наполи» дарвозасига 6 та гол уриб ҳаммани ҳайрон қолдирган бўлса, «Аякс» эса аксинча бўлди. Жамоа кеча Лондондан 5 та тўп ўтказиб қайтди.

«Челси»нинг сўнгги вақтлардаги ўйини яхшиланиб бормоқда. Жамоа сўнгги учта ўйинда «Бенфика», «Ливерпуль», «Ноттингем Форест» каби рақибларини мағлуб этишга муваффақ бўлганди. Бу гал «аристократлар» «Аякс»ни аяб ўтиришмади.

Учрашувда ҳисоб 18-дақиқада очилди. Фофананинг узатмасидан сўнг, Марс Гиу гол киритди. 27-дақиқада Мойзес Кайседо жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди.

Ўйинда «Аякс» киритган ягона гол ҳам «Челси» футболчисига ёзилди. Яъни, 33-дақиқада Воут Вегҳорст ўз дарвозасига гол киритиб қўйди.

45-дақиқада Энцо Фернандес жамоасининг учинчи голини киритган бўлса, 45+1-дақиқада Эстевао ҳисобни 4:1 кўринишига олиб келди. Биринчи бўлим шу ҳисобда якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 57-дақиқасида Андрей Сантоснинг узатмасидан сўнг, Жорж ҳисобни 5:1 кўринишига келтирди. Якунда ҳам ўйин айнан шу ҳисоб билан тугади.

«Челси» — «Аякс» 5:1

Голлар: Гиу (18), Кайседо (27), Фернандес (45, пеналти), Эстевао (45+6, пеналти), Жорж (48) — Вегҳорст (33, пеналти).

«Челси» — Йоргенсен, Кайседо (Ачимпонг, 49), Фофана, Адарабиойо (Чалоба, 46), Ҳато, Фернандес (Сантос, 46), Лавиа (Уолш, 66), Буонанотте, Эстевао, Гиттенс, Гиу (Жорж, 46).

«Аякс» — Пасвер, Роза, Итакура, Шутало, Баас, Макконнелл (Регеер, 79), Глуҳ (Мокио, 23), Тэйлор, Моро, Вегҳорст (Классен, 46), Годтс.

Огоҳлантиришлар: Адарабиойо (31), Вегҳорст (45+6), Эстевао (56).

Четлатиш: Тэйлор (15).

«Бавария»дан йирик ғалаба

«Бавария» ва «йирик ғалаба» сўзлари футбол оламида синонимга айланган десак, муболаға бўлмайди. «Мюнхенликлар» ушбу турда ҳам йирик ҳисобдаги ғалабага эришдилар. Бу гал уларга Бельгиянинг «Брюгге» клуби рақиблик қилди.

Учрашувда ҳисоб бешинчи дақиқада очилди. Таҳнинг узатмасидан сўнг, Леннарт Карл ҳисобни 1:0 кўринишига келтирди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Лаймернинг узатмасидан сўнг, Ҳарри Кейн жамоасининг иккинчи голини киритди. 34-дақиқада Луис Диас ўз номини таблога ёздириб қўйди. Учрашувнинг биринчи бўлими 3:0 ҳисоби билан якунланди.

Иккинчи бўлимни ҳам мезбонлар фаол бошлашди. 79-дақиқада Николас Жексон ўйиндаги сўнгги голни киритди. Якуний ҳисоб — 4:0, «немислар» фойдасига.

«Бавария» — «Брюгге» 4:0

Голлар: Карл (5), Кейн (14), Диас (34), Жексон (79).

Бавария — Нойер, Лаймер, Упамекано (Ким, 81), Та, Геррейру (Бишоф, 69), Киммих, Павлович, Карл (Горетцка, 69), Олисе, Диас (Майк, 81), Кейн (Жексон, 69).

«Брюгге» — Якерс, Саббе (Сике, 46), Ордонез, Мехеле, Майер, Станкович, Форбс (Спилерс, 46), Аудор (Сандра, 66), Ванакен, Цолис (Диахон, 80), Тресолди (Верман, 66).

Огоҳлантириш: Ким (90+1).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?