Лимончиликдан тропик меваларгача

12:06 08 Апрель 2026 Жамият
112 0

Тойлоқ туманининг Бунёдкор маҳалласида яшовчи Насиба Хўжамуродова ва унинг турмуш ўртоғи Хайрулло Бахроновлар бугунги кунда қишлоқ хўжалигида кичик майдондан самарали фойдаланиб, юқори даромад олиш мумкинлигини амалда исботлаётганлардан бири саналади.

Бу меҳнаткаш оила ўз томорқасидаги атиги 5 сотих иссиқхонада 130 туп лимон кўчатини парвариш қилиб, қисқа фурсатда сезиларли натижага эришдилар. Иссиқхона шароитида етиштирилган лимонлар бугунги кунда ўзининг сифати ва ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. Энг қувонарлиси, улар илк ҳосилдан 1 тонна лимон йиғиб олишга муваффақ бўлишди.

Етиштирилган маҳсулот бозорга 30-35 минг сўм нархда чиқарилди. Бу эса кичик майдонда ҳам тўғри ёндашув, сабр ва меҳнат билан яхши даромад қилиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди. Оила аъзолари барча ишларни ўз кучи билан, яъни оилавий меҳнат асосида олиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

— Олинаётган даромад келажак учун янги имкониятлар эшигини очмоқда, — дейди Насиба Хўжамуродова. — Ҳозирда иссиқхонани кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва тропик мевалар етиштириш бўйича янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқдамиз. Бу эса нафақат оиламиз даромадини ошириш, балки янги иш ўринлари яратиш имконини ҳам беради.

Мазкур тажриба шуни кўрсатадики, ерга меҳр билан ёндашган инсон албатта унинг самарасини кўради. Насиба Хўжамуродова ва унинг оиласи каби ташаббускор деҳқонлар юртимизда қишлоқ хўжалигининг ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларнинг бугунги муваффақияти эртанги йирик лойиҳаларнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер