Кун келиб ўзингга сингиб кетгувчи шонингман, орингман, Ўзбекистонман
«Халқ сўзи» газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти Маданият рукни остида «Ёш ижодкорлар гурунги»ни ташкил этган эди.
Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб боришда давом этамиз.
Навбатдаги меҳмонимиз ёш ижодкорлар, истеъдодли шоира Зарнигорхон Абдуолимова .
У 2000 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Сирдарё вилояти Ховос туманида истиқомат қилади. Ёшлигидан ижодга ва ўзбек миллий чолғу асбобларини чалишга қизиқиши баланд. Ҳозирда Гулистон давлат университети Филология факультети: Ўзбек тили ва адабиёти йўналиши 2-босқич талабаси. 1- Республика ёш ижодкорлар форуми иштирокчиси. «Дунёларга танитаман Сирдарёни», «Сирдарё ғунчалари», «Янгиер садоси», «Дил туғёнлари», «Ватанга вафо» каби топламлардан унинг ҳам шеъри ўрин эгаллаган. Ижоди туман, шаҳар, вилоят, республика нашрларида, сайтларида чоп этиб келинмоқда.
Қуйида ёш шоира ижод маҳсулларидан эътиборингизга ҳавола этамиз.
ОНА ЗАМИНГА...
Осмоний ўйларга чулғанаман гоҳ,
Гоҳ ўзиб кетаман ўйи саминдан.
Юксакроқ оҳангни излайман, шунда
Бир садо келади рўйи заминдан.
Мен эса парвойи фалакман, фалак,
Юрибман самодан муҳаббат тилаб
Ва қанча талпинсам кўкка, шунчалар
Товоним бағрингга қаттиқроқ тираб!
У бўлса, қисматин боғлаб ўзингга,
Бир қадам жойидан жилмайди, токи
Топтамайин дейди сени, о замин!
Топталмасин дейди ўтганлар ҳоки..
Бир умрлик кучин сарф этар фақат
Бир умр бир ерда туришга.
Аҳдим етмадими ва ёки бахтим
Шу бир майсангчалик бўлишга!
Сендан олисланиб кетибман, афв эт,
Асра, шафқатингдан тенгсиз қолишдан.
Қўрқаман кун келиб сенинг бағрингда
Сенсиз қолишдан!!!
***
ТОМЧИ
Ердан чиқар экан кўкка парланиб,
Юксак чўққиларни забт этаркану,
Аммо унутмасдан илк ибтидосин,
Яна она ерга қайтар экан у.
Қолмоқ мумкин балки абадий кўкда,
Лек онажон ерга берилган онт-чи?!
Шу онт ҳаққи қайтар, тасанно айтар
Ва сингиб кетаркан заминга томчи...
О, қандай умр бу бахтидан масрур,
Ибтидодан гўзал интиҳолари.
Ўзингдан ўзингга етиб боргунча
Йўлда умр номли имтиҳонлари.
Мен ҳам бир томчиман ўзингдан бунёд,
Ҳар бир нафасингда уфурган жонман.
Кун келиб ўзингга сингиб кетгувчи
Шонингман, орингман, Ўзбекистонман.
***
БАЛИҚ МОНОЛОГИ
Билганинг шу оламиятда-
Тенгсизроқсан тенгсизлардан ҳам.
Ва куласан, ахир сенингча
Толеим шўр денгизлардан ҳам.
Бу минг ками тўлмас дунёда
Бир ками ҳам қолмагандайсан.
Мезони йўқ ёлғонингдан, эй
Ато ўғли, толмагандайсан.
Сабаб бўлар садосизлигим,
Кулгуларинг кўчар тилингдан.
Тўкисликка этмасдан даъво
Дилингдан хабар ол, дилингдан!
Менда ёғи-сўзсизликдир, бас,
Сеникидан енгилроқ дардим-
Дилимни гунг бўлишдан асраб
Тилимни гунг яратган Тангрим.
***
ДУО
Ночор эди, бедавлат эди,
Бир бурда нон бир кунга ҳамдам.
Э воҳ, сўраб келди шу нонни
Ўзиданда ночорроқ одам.
Сахиймасми, тутди қўшқўллаб,
Ва жилмайди мамнун дуодан.
Нонни қучиб бояқиш дерди:
«Худойимдан қайтсин, Худодан!»
Кунлар ўтди, ногаҳон йўлдан
Тилло топди. Бойиб кетди у.
Балки ўша тиллолар сабаб
Ўзлигидан тойиб кетди у.
Бой эди ва бадавлат эди,
Ўз-ўзига олқиш айтарди.
Ёрдам тилаб келган инсонни
Эшигидан қувиб ҳайдарди.
Унутгандир эҳтимол Ҳақни
Қўрқмай қўйган балки дуодан.
Лек ночорлар йиғларди тинмай:
«Худойимдан қайтсин, Худодан!»
Қайтди, ёмон қайтди бу сафар,
Бошига не кўргулик солди.
Энди ҳатто аввалги ризқи-
Бурда нонга зор бўлиб қолди.
Тиланарди эшикма-эшик,
Қўлларини ёпмай дуодан.
Ва тилидан қўймас бир гапни
«Худойимдан қайтсин, Худодан!»
Ночор эди, бедавлат эди,
Жилмаярди мамнун дуодан.
Бой эди ва бадавлат эди...
Худойимдан қайтди, Худодан!!!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг