Кореялик ўқувчилар чиқиндидан тамоман янги маҳсулот тайёрлаб уни онлайн усулда сота олишади — Умида Назарова

Бухоро шаҳридаги 42-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби Жанубий Корея таълим муассасалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Бу ерда салкам беш йилдирки, ўқувчиларга корейс тилидан ҳам сабоқ берилади. Бунда Тошкентдаги корейс тил ўрганиш марказининг кўмаги катта.
Билим маскани раҳбарияти шу марказ ёрдамида Кореянинг Тегу шаҳридаги рақамли технологияларга ихтисослаштирилган юқори таълим мактаби билан меморандум имзолаган эди. Яқинда шу келишув доирасида мактаб директори Ҳалима Нуруллаева ва корейс тили ўқитувчиси Умида Назарова етакчилигидаги бир гуруҳ ўқувчилар ушбу хорижий давлатда бўлиб қайтишди.
— Ўн бир кун Кореяда бўлиб, жуда катта таассуротлар билан қайтдик, — дейди муаллима Умида Назарова. — У ердаги илғор таълим жараёни ҳақида соатлаб сўз юритиш мумкин. Мен бу ўринда бир мисол билан кифояланмоқчиман. Тегу шаҳридаги юқори таълим мактабининг ўзида кичик инновацион фабрика ташкил этилган. Бу ерда ўқувчилар ўз ғоялари асосида чиқиндидан тамоман бошқа бир маҳсулот тайёрлаш билан шуғулланишади.Тайёр буюмни эса онлайн усулда сотишади. Уларга тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватловчи ташкилотлар яқиндан туриб кўмаклашишади. Шу тариқа ўқувчи креатив фикрлаш сари йўналтирилади. Мактабда кераксиз ўқувчининг ўзи йўқ, деган тамойил асосида иш юритилади.Қолаверса, янгиликка ўч, ихтирочилик қобилияти бор ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими ҳам яратилган.
Сафар давомида бухоролик ўқувчилар машғулотларда иштирок этдилар, корейс тилида сўзлашиш қобилиятларини ривожлантиришди, Сунчон, Сеул, Пусан каби шаҳарларда бўлиб, инновацион фестивалларда қатнашдилар. Миллий маданиятимиз, урф-одатларимизни тарғиб этдилар.
Келгуси йилнинг баҳорида Тегу юқори таълим мактаби вакилларининг Бухорога келиши кўзда тутилмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг