Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда мустаҳкам пойдевор

15:20 05 Сентябр 2025 Жамият
75 0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига мувофиқ Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Мазкур моддада ҳар бир шахсга суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқининг кафолатларига оид конституциявий қоидалар назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши ҳамда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши кафолатланган. Бу эса ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг энг самарали, таъсирчан ва демократик усулларидан бири бўлган суд орқали ҳимояни имкон қадар кенгайтиришга, суд тизимининг демократик асосларини ислоҳ қилиш ва янада чуқурлаштиришга, суд ишларининг адолатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлашга, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишни тақозо этди.

Ушбу модда билан ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, бошқа ташкилотларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқининг кафолатланиши мамлакатимизда шахс ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Мазкур модда билан нафақат Ўзбекистон фуқароларига, балки мамлакатимизда истиқомат қилаётган чет эл фуқароларига ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларининг суд орқали ҳимоя қилиниши кафолатланади.

55-модда нафақат жисмоний, балки юридик шахсларнинг ҳам суд орқали давлат органлари, мансабдор шахслар, бошқа ташкилотларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳимояланишини кафолатлайди.

Мазкур моддадаги кафолатлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 8-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган “ҳар бир инсон, мабодо унинг Конституция, қонун бериб қўйган асосий ҳуқуқлари бузилгудек бўлса, нуфузли миллий судлар томонидан ўз ҳуқуқларини самарали тарзда тиклаш ҳуқуқига эга” эканлиги ҳақидаги нормаларга тўла мос келади.

Шунга ўхшаш норма, Ирқий камситишнинг барча турларига қарши конвенцияда (5-модда), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда (9-модда) ҳамда Аёллар ҳуқуқларини камситишнинг барча шаклларига қарши конвенцияда (15-модда) ҳам ўз ифодасини топган.

Миллий қонун ҳужжатларимизда судлар томонидан инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни кафолатлашга қаратилган қатор нормалар мавжуд. Хусусан, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодекслари ва янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонунда ҳам шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари назарда тутилган.

Шунингдек, юқоридаги конституциявий қоидани ҳаётимизда тўлақонли амалга ошириш мақсадида 2021 йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга мувофиқ энди фақат муайян ишда қўлланилган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини янада такомиллаштириш ва бу борада кенг имкониятлар яратиш ҳисобланади.

 

Шохрух МАЖИДОВ – Конституциявий суд катта эксперти,

Мохинисо АРСЛОНОВА – Конституциявий суд мутахассиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?