Китобхон оила-миллат келажаги
Наманганда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилаётган “Ёш китобхон оила” республика танловининг якунловчи босқичи бўлиб ўтди. Вилоят марказидаги “Янги Ўзбекистон ёшлари –зиё маскани”да ташкил этилган тадбирда биринчи босқичда сараланган 14 та китобхон оила ғолиблик учун куч синашди.
Мамлакатимизда анъана тусини олган ушбу танлов ёш оилалар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, хонадон ҳар бир аъзосини адабиёт мутолаасига кенг жалб этиш, улар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ фазилатларини ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, халқимизнинг билимдонлик даражасини ошириш, инсонлар ўртасида юксак фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Қувончли жиҳати, унинг қамрови йилдан-йилга кенгайиб, нуфузи тобора ортиб бораётганлиги кузатилади. Биргина жорий йил мавсумида 96 мингга яқин ёш оила иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтиб, баҳсга киришганлиги ва айни кўрсаткич 2024 йилдагига нисбатан 2000 тага ортгани бунинг яққол тасдиғидир.


Танлов низомига кўра, унда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва тилидан қатъий назар 30 ёшгача бўлган барча ёш оилалар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу йилги баҳсларда 1995-2005 йиллар оралиғида туғилган ёш оилалар (эр ва хотин) иштирок этиб, беллашув уч босқичда ташкил этилди.

Биринчи босқичда даъвогарлар аризаси қабул қилиниб, махсус бот орқали рўйхатдан ўтказилгандан сўнг иштирокчилар тест синови асосида сараланди ва натижаларга кўра туман (шаҳар) кесимида энг кўп балл тўплаган бир оила кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи босқич эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида иккита шарт “Бадиий асарлар билимдони” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” йўналишларида ташкил қилинди. Шу тариқа 14 оила танловнинг республика босқичига етиб келди.


Наманганда бўлиб ўтган финал босқичи телетанлов шаклида, “Бадиий асарлар билимдони”, “Иншо ёзиш” ва “Тезкор савол-жавоб” шартлари бўйича қатнашчиларни синовдан ўтказди. Якунда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Қуёшли” маҳалласида яшовчи Жавоҳир Эшонқулов, Сирғали тумани “Ўзгариш” МФЙдан Исмоил Сатторов, Андижон вилояти Булоқбоши тумани “Кўприкбоши” маҳалласида яшовчи Неъматилла Маҳаммаджонов оилалари совринли ўринларга лойиқ топилди. Биринчи ўринни эгаллаган Эшонқуловлар оиласи Президент совғаси — “BYD” электромобили, 2-ўрин соҳиблари 50 миллион сўм, 3-ўрин эгалари 30 миллион сўм пул мукофоти, диплом ва китоблар тўплами билан тақдирланди. Қолган барча иштирокчиларга ҳам 10 миллион сўмдан пул мукофоти, китоблар тўплами, сертификатлар топширилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг