Кимнинг палови тотли?

17:37 31 Май 2023 Жамият
604 0

Фото: “Халқ сўзи”

Кўпчиликни қизиқтирган  бу саволга Наманганда  ўтказилаётган  62-Халқаро гуллар фестивали доирасида ташкил этилган  “Ўзбегим палови маданияти” танловида  аниқлик киритилди.  Давлатобод туманидаги “Афсоналар  водийси”  тематик паркида   тўрт кун  давом этган танловда юздан ортиқ ошпазлар иштирок этиб,  ўзбек халқининг  севимли миллий таоми ҳисобланган паловнинг   ўнлаб турларини тайёрлаш бўйича маҳоратларини намойиш этдилар.  Улар томонидан   қазили, каватакли, саримсоқпиёзли, булғор қалампирли  ошлар  девзира, чўнғара, лазер гуручларида пиширилиб, ҳакамлар ҳайъатига ҳавола этилди.  Айни жараёнда Наманган шаҳридаги “Бешчинор” ошхонасининг ёш ошпази Яҳё  Абдулҳаевнинг  битта қозонда икки  хил палов тайёрлаш тажрибаси   кўпчиликни ҳайратга солган   ҳолатлардан бири бўлди.

- Фестиваль меҳмонларида катта таассурот  уйғотган  палов усталари беллашуви шаҳримизда  гастрономик туризм жадал равнақ топаётганини яна бир карра  намойиш қилди, - дейди вилоят ошпазлар уюшмаси раиси Осим Иномбоев. -  Иштирокчилар  шартларни бажариш чоғида нафақат мазали таом  тайёрлаш, балки, ошхона ва ресторанларда хизмат кўрсатиш маданиятини ҳам кўрсатдилар. Белгиланган вақт оралиғида паловни маромига етказиб пишириш  устивор  шарт сифатида қўйилиб, аксарият қатнашчилар унинг уддасидан чиқишга муваффақ бўлдилар.

Фестивалнинг минглаб меҳмонлари  катта қизиқиш билан кузатган  танлов якунига кўра  “Энг ёш ошпаз”, “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг мазали ўзбек таоми” сингари  ўнга яқин номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.  Ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори ўринлари  Яҳё Абдулҳаев, Дилшод Сайдуллаев, Отабек Нишонов сингари  маҳорат соҳибларига насиб этди.

Ғолиблар танлов ташкилотчиларининг маҳсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

  “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер