Хоразм вилоятида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди

17:32 28 Январь 2026 Сиёсат
644 0

Жорий йилнинг 28 январь куни Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ҳокимлиги биносида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Миллий ва ҳудудий кенгашлар аъзолари, халқ депутатлари Хоразм вилояти ва туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари, вилоят ҳокими, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кун тартиби доирасида Хоразм вилоятида коррупцияга қарши курашиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишда тизимли, қатъий ва очиқ механизмларни жорий этиш зарурлигига эътибор қаратишди. Шунингдек, куни кеча Президентимиз бошчилигида танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Пойтахт мисолида акс эттирилган мазкур муаммолар бутун республика учун долзарб экани таъкидланди ҳамда уюшган жиноятчилик, нарко- ва кибержиноятлар ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашишда «пойтахт намунаси» асосида янги самарали тизим яратиш вазифаси белгиланди.

Сўнгги икки йилда вилоятда 300 дан ортиқ шахс коррупциявий жиноятларга қўл ургани аниқланган. Айниқса, энергетика, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш соҳаларида коррупция хавфи юқорилиги танқид қилинди.

Энергетика соҳасида суюлтирилган газ ва электр таъминоти билан боғлиқ талон-торож ҳолатлари, инсон омилининг юқорилиги, назорат механизмларининг етарли даражада рақамлаштирилмагани кўрсатиб ўтилди. Қурилиш соҳасида эса рухсатнома бериш жараёнларида шаффофлик етишмаслиги, асоссиз рад жавоб берилиши ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, имтиёзли кредитлар ажратиш тизимида ҳоким ёрдамчилари ва таъминотчи корхоналар ўртасидаги суиистеъмоллар, маркетплейс платформасида ноқонуний нақдлаштириш, солиқдан қочиш билан боғлиқ жиддий камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди.

Мажлис якунида соҳалар кесимида аниқ вазифалар ҳамда уларни ижро этиш мутасаддилари ва муддатлари белгилаб олинди. Энергетика ва қурилиш соҳаларидаги жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш, комплаенс назоратни кучайтириш, имтиёзли кредитлар ажратишда шаффоф ва автоматлаштирилган механизмларни жорий этиш шулар жумласидандир.

Қабул қилинган қарор ижроси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва ҳудудий кенгашлар томонидан доимий назоратга олиниши белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?