Хонободда янграётган “Дунё садолари”

16:06 18 Август 2025 Жамият
186 0

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри 15–17 август кунлари учинчи бор “Дунё садолари” халқаро фестивалига мезбонлик қилди.

Уч йилдан буён анъанага айланган ушбу маданий тадбир, нафақат, халқимиз маънавий ҳаётида, балки шаҳар иқтисодиёти тараққиётида ҳам муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Масалан, 2024 йилда мазкур тадбирга 7,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, унинг натижасида шаҳар савдо айланмаси 20 миллиард сўмдан ошган эди. Бу йилги фестивалда эса дастлабки кунларданоқ юқори натижалар кузатилди.

— Биринчи йилга нисбатан иккинчи йилда иқтисодиёт беш баравар ўсган бўлса, бу йил фестивалнинг биринчи кунининг ўзида шаҳар иқтисодиёти 7 бараварга кўтарилди, —дейди вилоят ҳокимлиги масъул ходими Рустамжон Эшонов. – Энг муҳими, сайёҳлик салоҳияти тубдан ўзгариб бормоқда. Фестивалдан бир ҳафта олдинроқ минглаб хорижлик меҳмонлар шаҳарга келиб жойлашишди. Ҳар куни тадбирда ўртача 200 минг нафар киши иштирок этди. Фестивалнинг ўтказилиши шаҳар инфратузилмасини ҳам сифат жиҳатдан янгилади. Хонобод 24 соатлик иш режимига ўтказилди, хавфсизликни таъминлаш мақсадида юзни таниб олувчи камералар ўрнатилди. Бу эса сайёҳлар учун қулайлик ва ишонч муҳитини таъминламоқда.

“Дунё садолари” фестивали Хонободнинг мамлакатимиз шарқидаги муҳим маданий ва иқтисодий марказ сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаб, уни халқаро миқёсда танитишга хизмат қилаётир.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?