Хонобод дунёни ўзига чорламоқда

17:13 31 Июль 2025 Жамият
223 0

2017 йил 2-3 июнь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташриф чоғида Хонобод шаҳрини Фарғона водийсидаги йирик сайёҳлик марказларидан бирига айлантиришга қаратилган аниқ топшириқлар берилган эди. Бугун мазкур кўрсатмалар асосида Хонобод шаҳри том маънода қайта қад ростламоқда. Денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган, “Ўзбекистон Швейцарияси” деб ном олган, мусаффо ҳавоси ва гўзал табиати билан машҳур маскан нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларни ҳам ўзига жалб қилмоқда.

Ҳозирда шаҳарда туризмни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 3 та йирик дам олиш оромгоҳи, 11 та туристик маскан, 5 та спорт иншооти, 830 та дала ҳовли, “Фозилмон ота“ зиёратгоҳи, 88 турдан ортиқ ноёб манзарали дарахтлар парвариш қилинаётир. Зиёрат, тиббиёт, эко, спорт ва гастро туризм ҳамда оилавий кластерлар фаолият юритмоқда. Балиқчиликка ихтисослашган “Афсона” оромгоҳи, миллий таомлар билан машҳур “Анҳор” чойхонаси, қирғиз халқ таомлари тортиқ этиладиган “Ўтов” дам олиш маскани, “Хон-тоғ” адирлигидаги тиббий санаторийлар бунинг исботидир. Буларнинг барчаси ҳар йили ўтказилаётган “Дунё садолари“ халқаро эстрада фестивали билан янги мазмун касб этмоқда. Фестивал нафақат санъат байрами, балки туристик салоҳиятни намоён этадиган, маданият, ҳунармандчилик ва гастрономияни қамраб олган комплекс тадбирга айланди.

Жорий йилнинг 15–17 август кунлари ушбу фестивал учинчи марта бўлиб ўтади. Айни кунларда унга тайёргарлик ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Бунинг учун “Кампирровот” МФЙдаги фойдаланилмаётган ҳудуддаги 97 гектар майдонда янги дам олиш маскани барпо этилмоқда. У 27 та лотга бўлинган бўлиб, таркиби 25 гектарли сунъий кўл, 3 та очиқ пляж ва аквапарк, 8 та 100 ўринли апарт-отел, 1 та 200 ўринли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар маркази, спорт ва аҳоли дам олиш масканларидан иборат.

—Манзилда ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида 1 км. масофага қувур тортиш ишлари бажарилди,—дейди “Андижон сув таъминоти” АЖ бош муҳандиси Хумоюн Алимов. —Қолаверса, ҳар бир объектга сув жўмраклари олиб кирилди. Бу билан нафақат, фестиваль доирасида, балки йилнинг исталган пайтида сифатли таъминотни йўлга қўйиш имконияти яратилди.

Шунингдек, 2 км.дан ортиқ масофадан иборат йўлга асфальт ётқизилди. Юзлаб темир-бетон устунлар ўрнатилиб, ҳудудни ёритиш тизими билан таъминланди. Ноёб дарахт ва манзарали буталар, гул кўчатлари экилди.

—“Дунё садолари” фестивали сайёҳларни бир манзилда жамлайдиган тадбир эмас, балки, ўнлаб соҳаларни ривожлантириш жараёнидир,—дейди вилоят ҳокимлиги масъул ходими Рустамжон Эшонов. —Боиси, тадбир туфайли савдо, хизмат кўрсатиш, овқатланиш, транспорт хизматлари фаолияти янада кенгаяди. Қолаверса, маҳаллий ҳунармандлар, спорт мактаблари, ёшлар маркази, маданият бўлимлари ходимлари ҳам бу ерда ўз хизматларини тақдим этиб, тадбирни кўнгилли ўтишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Дунё садолари” орқали Хонобод нафақат гўзал табиати ва тинч муҳити, балки янги туризм модели, замонавий инфратузилма, миллий мерос ва халқаро алоқалар билан дунёга юзланмоқда. Унга сарфланаётган маблағлар келажакдаги туристик хазинанинг пойдевори бўлади.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?