Халқаро ҳамкорлик кенг имкониятлар эшигини очмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан Францияда бўлганлиги илм-фан соҳасидаги алоқаларни янги босқичга кўтарди. Париж шаҳрида «Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги» мавзусидаги қўшма конференция бўлиб ўтганлиги, унда ўттиздан ортиқ олий таълим муассасаси раҳбарларининг иштироки, шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан IV «Science NEXT: ёш олимлар нетворкинги» тадбири ташкил этилгани илмий жамоатчилик томонидан илиқ қарши олинди. Шу жараёнда қўшма таълим дастурларини жорий этиш, профессор–ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар алмашинуви қамровини кенгайтириш йўналишларида олийгоҳлараро йигирмадан зиёд шартномалар тузилди.
Маълумки, олий ўқув юртимиз давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида янгидан ташкил этилиб, университет мақомида фаолият кўрсатишга киришди. Айни дамда 600 нафарга яқин профессор-ўқитувчи меҳнат қилаётган бу даргоҳда илмий салоҳиятни 55 фоиздан 70 фоизга кўтариш мақсад қилинган. Бунинг учун самарали илмий тадқиқотлар олиб бориш, илмий-инновацион лойиҳалар яратиш кўламини янада кенгайтириш талаб этилади. Университет қошида КиберНефтГаз олий муҳандислик мактаби ташкил этилиб, асосий ҳамкор «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда ҳудудий корхоналар билан шартномалар имзоланаётгани айни муддао.
Юртимиздаги олий таълим даргоҳлари қатори университетимиз ҳам кўплаб хорижий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. АҚШ, Италия, Англия, Корея, Туркия, Дания, Испания, Хитой, Полша, Индонезия, Малайзия ҳамда Россиянинг 15 дан ортиқ олий ўқув юрти билан меморандумлар имзоланган. Айниқса, Франция олий таълим муассасалари билан ҳамкорликка алоҳида урғу берилмоқда. Мазкур давлат таълим тизими жуда ривожланган. У дунёда юқори рейтингга эга. Замонабоп таълим методикасини ўрганиш, тўпланган бой тажрибадан фойдаланиш биздаги тизимни сифат жиҳатдан янги поғонага кўтаришга хизмат қилади. Юртимиз талабалари учун Францияда таълим олиш улар иқтидори, салоҳиятини юзага чиқаришда асқатади.
Ҳамкорлик олийгоҳимиз профессор-ўқитувчилари учун ҳам жуда фойдали. Дарвоқе, улар Париж Cite Университети (Université Paris Cité), Тур шаҳридаги Франсуа Рабле университети (Université François-Rabelais de Tours) ва Турен институти (LʻInstitut de Touraine), Нисса шаҳридаги Франкофония университети (Université de Francophonia) ва Кот де Азур (Université Côte dʻAzur) университетларида йўналишлари кесимида малакаларини ошириб, тажриба алмашиб келмоқда.
Бундан ташқари, бир гуруҳ профессор–ўқитувчилар жорий йилнинг январь февраль ойларида Порт де Версалда бўлиб ўтган «Learning Technologies France – 2025» ярмаркаси ҳамда халқаро конференцияда иштирок этди. Университетимиз Париж Cité Университети (Université Paris Cité), Бордо университети (Université de Bordeaux) ҳамда Франция Рақамли университети (France Université Numérique), Саноат муҳити ва хавф-хатарлари бўйича миллий институти (INERIS LʻInstitut national de lʻenvironnement industriel et des risques) билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда.
Шу ўринда энг нуфузли ва қадимий инженерлик мактабларининг бири саналган LʻÉcole centrale Paris ou ECP ҳақида қисқача тўхталмоқчимиз.1829 йилда ташкил топган бу муассаса янги авлод муҳандисларини тайёрлашда муҳим роль ўйнамоқда. Университет аниқ фанлар, инноватив тадқиқотлари ва юқори малакали талабалари билан жуда машҳур. У асосий эътиборни амалий иш тажрибасига, илмий тадқиқотларга ва инновацияларга қаратади. Бу ерда таълим олган студентлар нафақат назарий билимларни эгаллайди, балки муаммоларни ҳал қилиш жараёнларида қатнашади, бевосита ишлаб чиқаришда иштирок этади. Шу тариқа амалий кўникмаларга эга бўлади.
Университетимиз ҳаётига оид яна бир хушхабар шундаки, Париж Cité Университети (Université Paris Cité) билан ўзаро ҳамкорликка киришилди. Ушбу таълим даргоҳида ҳозирги кунда 63 000 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. 4 500 тадқиқотчи ва ўқитувчи-тадқиқотчи, шунингдек, 2 700 нафардан зиёд маъмурий ва техник ходим фаолият юритмоқда. У QS World University рейтингида 2025 йилда дунё бўйича 300-ўринни, Францияда 7-ўринни эгаллади.
Француз олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик университетимиз жамоасининг энергетика, архитектура, нефть ва газ, туризм, метрология ва ахборот технологиялари билан боғлиқ барча йўналиш ва ихтисосликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлашида қўл келади. Қўшма халқаро илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш, халқаро грантларда иштирок этиш, академик мобиллик дастури доирасида профессорлар ва ўқитувчилар, докторантлар билан тажриба алмашиш, докторантура, магистратура ва бакалавриат йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари яратиш имконини беради. Зарур лаборатория жиҳозларини сотиб олиш, таълим дастурлари ва ўқув-услубий адабиётларини алмашиш, қўшма илмий-услубий конференциялар, симпозиумлар, семинарлар, вебинарлар ташкил этиш каби вазифалар ҳам кўзда тутилган.
Малоҳат ЖЎРАЕВА,
Бухоро давлат техника университети профессори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг