“Катта Лангар Қуръони”нинг ноёб икки варағи

16:04 16 Март 2026 Маданият
367 0

“Катта Лангар Қуръони” Қуръони каримнинг дунёдаги мўътабар нусхаларидан биридир. Мазкур қўлёзма юксак дид билан сайқал берилган ҳайвон терисига битилган. Унинг саҳифалари айни кунда тақдир тақозоси билан Санкт-Петербург, Тошкент ҳамда Бухоро шаҳарларида сақланяпти.

— Қуръоннинг вилоят ахборот-кутубхона маркази “Шарқ қўлёзмалари” бўлими хазинасида сақланаётган икки варағи Санкт-Петербург ва Тошкентдаги “Катта Лангар Қуръони”нинг етишмаган қисмига мос келади, — дейди бухоролик манбашунос, қадимий қўлёзмалар устида қунт билан ишлаши билан кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонган Аҳтам Аҳмедов. — Бу икки варақ муқаддас китоб “Қасос” сурасининг 35–81 оятларини ўз ичига олади. У VIII асрга оид бўлиб, кийик терисига кўчирилган. Е. А. Резван 2004 йилда нашр этилган “Усмон Қуръони (Санкт-Петербург, Катта-Лангар, Бухоро, Тошкент)” номли китобида муқаддас китобнинг шу икки варағи ҳақида шундай ёзади: “Бу варақлар Бухоро амири Музаффарнинг ўғли Ҳашмат тахаллуси билан машҳур Муҳаммад Сиддиқ (кутубхонаси) га тегишли бўлган. Амир Музаффар вафотидан сўнг Абдулаҳад ҳокимиятга келади ва Ҳашмат сиёсий ҳаётдан узоқлашиб, бадиий асар ёзиш билан шуғулланди”.

А. Аҳмедовнинг таъкидлашича, кутубхонада Қуръони каримнинг бухоролик хаттот Абдуллоҳ Савдоий қўли билан “Насхи Бухорий” хат услубида жуда чиройли қилиб кўчирилган нусхаси ҳам бор. Ушбу Қуръони Карим муқоваси Бухоро шаҳар кутубхонасининг биринчи раҳбари, таниқли шарқшунос, манбашунос олим Ибодуллоҳ Одилов (Ибодулло қори) томонидан тайёрланган.

Муборак Рамазон ойи кунларида ўқувчиларимизга шу хабарни етказар эканмиз, кутубхонада ҳар иккала ноёб манба — “Катта Лангар Қуръони”нинг икки варағи ҳам, муқаддас китобнинг кўчирилган нусхаси ҳам соҳа фидойилари томонидан кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётганини таъкидламоқчимиз.

Ноёб манбаларни халқимизга мерос қолдирган Ҳашматга келсак, бу шоирнинг ҳаёти, бой кутубхонаси алоҳида бир мавзудирки, уни ҳам кези келганда ёритиш ниятидамиз.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?