Каннаваро йиғинга юлдузларини олиб келмаган Уругвайдан қўрқмаслигини айтмоқда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 13 октабрь куни Малайзияда Уругвай терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Баҳс олдидан ўтган матбуот анжуманида терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро ва дарвозабон Абдувоҳид Неъматов иштирок этиб, ўйинга тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот беришди.
Каннаваронинг сўзларига кўра, жамоа кеча Малайзияга этиб келиб, тикланиш машғулотларини ўтказган ва эртанги учрашувга фаол тайёргарликни бошлаган. У Уругвай жаҳон футболининг энг кучли жамоаларидан бири, шунингдек, тажрибали мураббий Марсело Белса бошчилигида эканини таъкидлади.
«Бу ўйин биз учун синов вазифасини бажаради. Рақибдан қўрқмаймиз, майдонда ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Тўпни кўпроқ назорат қилишга интиламиз, чунки Уругвайга ортиқча имконият бериб бўлмайди. Бу ўртоқлик ўйини бўлсада, биз ҳар бир баҳсда ўз салоҳиятимизни намойиш этишга мажбурмиз» — деди Каннаваро.
Унинг таъкидлашича, жамоа таркиби Жаҳон чемпионатига қадар бўлган даврда босқичма-босқич синовдан ўтказилади. «Ҳозирда айрим футболчиларни узоқ сафар туфайли ортиқча чарчатишни истамадик. Ҳар бир ўйинчини кузатамиз, олдимизда ҳали саккиз ой вақт бор» — дея қўшимча қилди у. Шунингдек, Каннаваро спортда танқид бўлиши табиий ҳолат эканини қайд этиб, жамоавий интизом ва биргаликдаги ҳаракат натижа гарови эканини урғулади.
Дарвозабон Абдувоҳид Неъматов эса жамоа руҳий ва жисмоний жиҳатдан ўйинга тўлиқ тайёрлигини айтди. «Мураббийлар штаби билан Уругвайнинг ўйинларини батафсил таҳлил қилмоқдамиз. Улар кучли рақиб, лекин биз ҳам ўз ўйинимизни кўрсатиш ниятидамиз» — деди Неъматов.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Уругвай ўртасидаги ўртоқлик учрашуви Малайзиянинг Мелака шаҳридаги «Ҳанг Жебат» стадионида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 17:45 да бошланиши режалаштирилган. Ушбу йиғинга Уругвай термаси ўзининг асосий ўйинчиларини олиб келмаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг