Йўллар равон бўлса, узоқ манзил ҳам яқин
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Президентимиз Сурхондарёга ташрифи чоғида вилоят ҳокимини ёнига олиб, носоз йўлда енгил машинани ўзи бошқарди. Шу ҳаракат билан вилоят раҳбарлигига энди тайинланган Улуғбек Қосимовга носоз йўлларни кўрсатди ва уни зудлик билан қайта таъмирлаш юзасидан тегишли топшириқлар берди.
Ушбу ҳолат видеолавҳаси интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди, фойдаланувчилар томонидан қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Халқни рози қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ўшанда қарийб чорак асрлик орзулар ушалиб, кенг, текис йўллар барпо этилишига одамлар қалбида ишонч пайдо бўлди.
Чиндан ҳам, «Дарбанд – Денов» ҳамда Термиз шаҳридан Денов туманигача автомобиль йўлининг таъмирталаблиги, ҳар қадамдаги «яма»лар ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётган эди. Узоқ йиллар мобайнида бу йўлларнинг аҳволига бефарқ қараб келинди. Йўл носозлигидан автомобилларнинг техник шикастланиши, автоҳалокатлар рўй беришидан ҳам кўз юмиб бўлмасди.
Йўллар равон бўлса, автомобилларга ҳам, йўловчиларга ҳам, шу ерда яшаётган аҳолига, энг аввало, она табиатимизга ҳам асло зарар етмайди. Қолаверса, бу йўллар оддий эмас, халқаро аҳамиятга эга бўлиб, ҳар куни кўплаб хорижлик фуқаролар ҳам фойдаланишади.

Бугун вилоятдаги халқаро ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларида бунёдкорлик ишлари авж паллада. Хусусан, халқаро аҳамиятдаги «М41» «Бишкек – Душанбе – Термиз» автомобиль йўлининг Термиз, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи, Денов ва Сариосиё туманлари ҳудудларидан ўтган 178 километр узунликдаги қисмини 4 тасмага ўтказган ҳолда реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. «4Р105» «Дарбанд – Бойсун – Элбаён» автомобиль йўлининг 5-70-километр ва «4Р100» «Мангузар – Жарқўрғон – Бандихон – Олтинсой – Денов» автомобиль йўлининг 128-174-километр қисмларида йирик ҳажмдаги йўл қурилиши амалга оширилмоқда.
— «Дарбанд – Денов» йўналишидаги автомагистралнинг 70 километр қисми Бойсун тумани ҳудудидаги тоғ ва тоғолди ҳамда қир-адирликлардан ўтган, — дейди автомагистраль қурилиши мутахассиси Муҳаммадали Холмуродов. — Бир кунда 5 мингдан 7 минггача автомобиль ҳаракатланадиган мазкур йўлнинг яроқсиз ҳолга келиб қолгани, очиғи, ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўларди. Бугун мазкур «4Р105» «Дарбанд – Бойсун – Элбаён» автомобиль йўлининг 5-70-километр қисмида катта ҳажмдаги қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Ушбу автомобиль йўли реконструкция қилиниши билан Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги «М39» ва «М41» автомагистраллари қисқа масофада бирлаштирилади. «М41» автомагистраль орқали Тошкент шаҳрига қатновни амалга ошираётган халқаро ва маҳаллий автоташувчилар учун мавжуд 298 километр узунликдаги автомобиль йўли 146 километргача қисқартирилади. Натижада масофа 152 километрни ташкил этади.
Серқатнов йўналишнинг тўққизта жойида сел олиш хавфи мавжуд. Лойиҳа ишларига кўра, йўл қурилиш жараёнларида 30 дан ортиқ кўприк, 200 дан кўп сувўтказгич таъмирланмоқда. Натижада бетон қопламали тўрт тасмали ушбу автомобиль йўли замон талабларига мослаштирилади. Айни кунларда йўл қурилишда 200 дан ортиқ махсус техника ҳамда 150 нафардан зиёд ишчи жалб қилинган.

— Йўл сифати биз учун энг муҳим масала саналади, — дейди лойиҳа раҳбари ўринбосари, сифат назорати бўйича менежер Теймур Гусейнов. — Икки ва тўрт тасмали ушбу йўл бетон қопламали бўлиб, тупроқ, тош-шағал қисми билан ҳисоблаганда унинг баландлиги 90 сантиметрни ташкил этади. Барча қурилиш маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилаётгани ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Айни кунларда «Дарбанд – Бойсун – Элбаён» автомобиль йўлининг «Даштиғоз» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида асосий ишлар бажарилмоқда. Махсус техникалар ёрдамида цемент-бетон қопламаси ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳат, автомагистраль яқинидаги ҳудудларнинг ички йўллари ҳам тубдан таъмирланиб, асфальт қопламалари ётқизилмоқда. Пиёдалар йўлакчалари бунёд этилиб, йўловчилар учун қулай шароит яратилмоқда.
— Юртбошимизнинг вилоятимизга ҳар галги ташрифи кейинги йилларда воҳа ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди, — дейди меҳнат фахрийси Норқулбой Воҳидов. — Ҳар бир соҳадаги ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга, аҳолининг ҳаётидан рози бўлиб яшашига йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда. Сўнгги йилларда юз бераётган янгиланишлардан фахр ҳиссини туйган сурхондарёликлар давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифини одамларнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган, вилоятга барака олиб келадиган байрамона тадбир сифатида баҳоламоқда.
Халқаро ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўллари мисолида бугун Сурхондарё вилояти катта бунёдкорлик майдонига айланди. Бу Янги Ўзбекистонда инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устунлигини англатади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг