“Йўлим қани?” дейман — кўринади қалб...”
Фото: Архив сурат
Назм гулшани
Усмон Азим ўзининг ҳаётга, инсонларга, эзгуликка муҳаббатдан туғилган оташин шеърлари, битикларидаги бир-биридан ажойиб ташбеҳлари ва улар замирида ётган юксак ғоялари билан элимиз қалбидан ўрин эгаллаган шоир. У адабиёт чаманининг янада чирой очишига, хушбўйлашишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Қуйида шоир ижодидан намуналар туҳфа этилмоқда.
* * *
Бу жой театрмас. Бу жой ишхона,
Аммо фожиага мос эрур таъби.
Соат ўн. Эшикдан кирар замона,
Уни қарши олар Ҳамлет асабий.
Лаблари пичирлар — ичмоқда қасам,
“Прима” бурқсийди бармоқларида.
Клавдий ўтади ёнидан бардам,
У мағрур — шоҳликнинг сиртмоқларида.
“Чекиш мумкин эмас” — деворда эълон,
Қайдадир телефон жиринглай бошлар.
Кафтин манглайига босиб, бекалом —
Гўзал Офелия кўзини ёшлар.
— Пенсия керакмас! Сўзимдан қайтдим,
Қизларда тартиб йўқ. Ўрнимда қолдир!
Кимгадир ғазабнок сўзларни айтиб,
Лифтдан чиқиб келар оқсоч қирол Лир.
Қарсаклар янграйди… Генерал қайтар!
Теграсида содиқ мулозимлари,
Мусобақадамас, ютгандай жангда,
Виқор-ла келади байроқ кўтариб.
Дездемона уни табриклар босиқ, —
Ғолиб генералга олий тортиқ шу.
Яго югуради қучоғин ёзиб,
Ҳозир рўмолчани топиб олди у.
Бу жой театрмас. Бу жой ишхона,
Бунда шоҳ асарлар қайта ёзилар.
Ёзилар бир рақам, ё сўз баҳона.
Қоғозмас, қалбларга абад босилар.
Ишхона — тўрт қават бетон иморат —
Элсинор қалъаси билан эгиздир.
Соат ўн бир ярим... Ғамгин аланглаб,
Кечикиб келмоқда ишга Шекспир...
* * *
Оғир. Жуда оғир. Кўтармоқ
Кўзингдаги кузги чарчоқни.
Қачонлардир рўй берган алдоқ
Ногоҳ энди умрни ёқди!
Ҳамма нарса асли жойида —
Бир сўз демас азиз одаминг.
(У бош эккан тақдир раъйига),
Ёнар фақат сенинг оламинг.
Панжаларинг бошингга чангал,
Сочларингга тушиб борар оқ...
Аммо мантиқ чарх урар мужмал:
— Яшайверса бўлади шундоқ.
Қара, қолар бу ҳаёт омон —
Тақдир синмас, умр отилмас...
Фақат севги кўзига бу он
Қарамоққа ҳеч ким ботинмас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Ялдо кечаси» романининг тақдимоти ўтказилди
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг